Марказий Осиё ва Озарбайжон ўртасида иқтисодий ҳамкорликнинг янги архитектураси шаклланмоқда
Пойтахтимиздаги Марказий Осиё халқаро институтида (МОХИ) “Марказий Осиё ва Озарбайжон: ишонч ва ҳамкорликка асосланган янги сиёсий муҳит” мавзусида экспертлик-дипломатик мулоқот бўлиб ўтди.
Тадбир Марказий Осиё ва Озарбайжон давлатлари раҳбарларининг жорий йил 31 июль куни Чўлпон Отада бўлиб ўтган норасмий учрашуви ҳамда 8 октябрь куни Авазада ўтказилган VIII Маслаҳат учрашуви якунларига бағишланди.

Мулоқотнинг асосий мақсади – саммитларнинг муҳим натижалари, Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон етакчилари томонидан илгари сурилган ташаббус ва келишувларни биргаликда амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилиш, шунингдек, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, транспорт ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш ҳамда минтақавий ҳамкорликнинг янги механизмларини шакллантиришдан иборат бўлди.
Йиғинда 40 тадан ортиқ хорижий мамлакатларнинг Тошкентдаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар, вазирлик ва идоралар, ишбилармон доиралар ҳамда етакчи таҳлилий ва илмий-тадқиқот марказлари вакиллари қатнашди.
Анжуман аввалида МОХИ директори Жавлон Ваҳобов Чўлпон Ота ва Авазада бўлиб ўтган учрашувларнинг аҳамияти эришилган келишувлар доирасидан анча кенг эканини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, яқин вақтгача Марказий Осиё сиёсий салоҳиятининг катта қисми тўпланиб қолган зиддиятларни бартараф этишга сарфланган бўлса, бугунги кунда минтақа мутлақо янги, яхши қўшничилик муҳитини шакллантиришга интилмоқда. Ушбу ўзгаришларнинг муҳим механизми давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари бўлди. Озарбайжоннинг мазкур форматдаги тўлақонли иштироки эса ҳамкорликка янги минтақалараро мазмун бағишлаб, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказни янада яқинлаштирди.
Ж.Ваҳобов навбатдаги қадам сифатида ўзаро савдо ҳажмини шунчаки оширишдан жаҳон бозорларида талаб юқори бўлган маҳсулотларни биргаликда ишлаб чиқаришга ўтиш зарурлигини қайд этди. Унинг айтишича, бу борадаги ишларнинг муваффақияти қабул қилинган ҳужжатлар сони билан эмас, балки амалга оширилган лойиҳалар, янги ишлаб чиқариш қувватлари ва яратилган иш ўринлари, шунингдек, фуқаролар фаровонлигининг ошиши билан белгиланади.
– Агар янги минтақавий сиёсатнинг дастлабки ўн йиллиги сиёсий ишонч даври бўлган бўлса, келгуси ўн йиллик иқтисодий ўзаро боғлиқлик белгиси остида ўтиши лозим, -деди у.
Озарбайжоннинг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Рашад Маммадов ўз нутқида бугунги кунда Марказий Осиёда юз бераётган ўзгаришлар ҳамда янги сиёсий макон шаклланаётганини тилга олди.

Дипломатга кўра, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг илк бор тўлақонли олти томонлама форматда ўтказилган саккизинчи Маслаҳат учрашуви умумий манфаатлар билан боғлиқ мамлакатлар яқинлашувининг табиий жараёнини акс эттирувчи тарихий воқеа бўлди.
Озарбайжоннинг ушбу форматдаги иштироки минтақавий устувор йўналишларни мувофиқлаштириш ҳамда Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар очмоқда. Элчи қайд этганидек, Озарбайжон учун Марказий Осиё нафақат тарихий ва маданий алоқалар билан боғлиқ минтақа, балки умумий стратегик манфаатлар, кенг иқтисодий имкониятлар ва узоқ муддатли шериклик истиқболларига эга макондир.
Шу билан бирга, олий даражадаги сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш амалий ҳамкорликни изчил ривожлантириш билан бирга олиб борилиши лозим. Шу нуқтаи назардан, Чўлпон Ота ва Авазадаги учрашувларда илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш ҳамда эришилган келишувларни аниқ мазмун билан бойитиш алоҳида аҳамият касб этади.
– Бизнинг келажагимиз ишонч, ўзаро боғлиқлик ва умумий фаровонликка интилишга асосланган Марказий Осиё ва Озарбайжон бирлигини мустаҳкамлашдадир, -дея таъкидлади Озарбайжон элчиси.
Қозоғистоннинг ўлкамиздаги элчиси Ерали Тугжанов тарихий илдизларнинг муштараклиги, узвий иқтисодий ўзаро боғлиқлик, етакчилар ва халқлар ўртасидаги самимий ишончга асосланган минтақалараро ҳамкорликнинг мутлақо янги архитектураси шаклланаётганини айтди.

Элчи Озарбайжон минтақа мамлакатлари учун шунчаки Каспий денгизи ортидаги қўшни эмас, балки Европага олиб борувчи табиий кўприк ва Кавказдаги муҳим ҳамкор эканини қайд этди. Ушбу шерикликнинг амалий ифодаси сифатида Ўрта коридорни ривожлантириш ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, божхона расмийлаштирувини ягона тизимда амалга ошириш учун рақамли платформалар жорий этилмоқда, Актау ва Боку портларининг қувватлари кенгайтирилмоқда, қўшма логистика марказлари барпо этилмоқда. Каспий денгизи тубидан алоқа линиялари ва энергия кабелларининг ўтказилиши эса умумий маконни Осиё ва Европа ўртасидаги рақамли ҳамда энергетик кўприкка айлантирмоқда.
– Минтақаларимиз энди Каспий денгизи билан ажралиб турмайди. Каспий дўстлик ва муштарак фаровонлик кўприги, боғловчи омилга айланди, -дея таъкидлади у.
Саммитлар якунларини шарҳлар экан, Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Дуйшенкул Чотонов Марказий Осиё сиёсий мулоқот ва ўзаро ишонч макони сифатида изчил мустаҳкамланиб бораётганини қайд этди.

Унинг сўзларига кўра, бунинг яққол намоён бўлиши давлатларнинг халқаро майдондаги ўзаро қўллаб-қувватлашидир. Жумладан, минтақа мамлакатлари ва Озарбайжоннинг Қирғизистон номзодини БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2027–2028 йиллардаги доимий бўлмаган аъзолигига қўллаб-қувватлагани бунга мисол бўла олади. Унинг айтишича, Бишкек ушбу аъзоликдан Марказий Осиё учун алоҳида аҳамиятга эга масалаларни илгари суришда фойдаланишни режалаштирмоқда.
– Қирғизистон Озарбайжоннинг Марказий Осиё Маслаҳат учрашувига қўшилишини тарихан шаклланган алоқаларни кенгайтириш, транспорт ўзаро боғлиқлигини ривожлантириш ва иқтисодий ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратишнинг табиий жараёни сифатида баҳолайди, -дея таъкидлади дипломат.
Анжуманда сўзга чиққан Туркманистон элчиси Шадурди Мередов тинчлик, яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва барқарор ривожланиш тамойилларига асосланган минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳимлигини айтди.

Унинг қайд этишича, Озарбайжоннинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувларида иштирок этиши кўп йиллик дўстона муносабатлар ривожининг қонуний натижаси бўлиб, ҳамкорликни чуқурлаштириш учун янги имкониятлар очмоқда.
Нутқда транспорт-логистика ўзаро боғлиқлиги, энергетика ва саноат кооперацияси масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ш. Мередовнинг сўзларига кўра, Марказий Осиё ва Озарбайжон Шарқ — Ғарб ҳамда Шимол — Жануб йўналишларида, шунингдек, Марказий Осиё — Каспий денгизи — Жанубий Кавказ — Европа йўналиши бўйича транспорт коридорларини ривожлантириш учун катта салоҳиятга эга. Бу жараёнда “Туркманбоши” халқаро денгиз порти ҳамда Туркманистон, Озарбайжон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш муҳим ўрин тутади.
Шунингдек, Мередов саноат кооперациясини мустаҳкамлаш ва барқарор минтақавий ишлаб чиқариш занжирларини шакллантиришга қаратилган “6 иқтисодиёт — 1 маҳсулот” ташаббусининг аҳамиятини алоҳида тилга олди.
– Доимий бетарафлик, яхши қўшничилик ва тенг ҳуқуқли ҳамкорлик тамойилларидан келиб чиқиб, Туркманистон олти томонлама мулоқотни ривожлантиришга бундан буён ҳам конструктив ҳисса қўшишга тайёр, -дея таъкидлади элчи.
Тожикистоннинг мамлакатимиздаги элчихонаси маслаҳатчиси Рахшона Султоний Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари минтақавий ишончни мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликка ўтиш учун мустаҳкам асос яратганини қайд этди.

Учрашувларнинг саккизта босқичи давомида салмоқли шартномавий-ҳуқуқий база шакллантирилди, савдо ва инвестицияларни кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратилди.
Дипломат Озарбайжоннинг иштироки ҳисобига ҳамкорлик форматининг кенгайишига алоҳида эътибор қаратди.
Р.Султоний келгусидаги устувор йўналишлар қаторида қўшма инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, савдо тўсиқларини бартараф этиш, ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш, таълим, илмий-маданий алмашинувларни ривожлантиришни тилга олди. Шу билан бирга, эришилган сиёсий ўзаро англашувни аниқ иқтисодий ва гуманитар натижаларга айлантириш асосий вазифа бўлиб қолмоқда.
– Ҳар бир давлатнинг миллий манфаатларини ҳурмат қилишга асосланган очиқ, тенг ҳуқуқли ва прагматик ҳамкорлик хусусиятини сақлаб қолиш ҳам бирдек муҳимдир, -дея таъкидлади Р.Султоний.

Тадбир доирасида шунингдек, минтақавий ҳамкорликнинг энг долзарб масалалари, жумладан, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик, транспорт ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш, минтақавий ҳамкорликнинг янги механизмларини шакллантириш бўйича очиқ мунозаралар бўлиб ўтди.
Ўтказилган экспертлик-дипломатик мулоқот Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари минтақавий ишончни мустаҳкамлаш, долзарб масалаларни ҳал этишда умумий ёндашувларни шакллантириш ва ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни илгари суриш учун стратегик платформа сифатидаги салоҳиятини яна бир бор тасдиқлади.
Ў.Алимов, ЎзА