Марказий Осиё ва Озарбайжон: ҳамкорликнинг янги босқичи
"Аваза" учрашуви минтақавий ҳамкорликни амалий мазмун билан бойитиш учун янги имкониятлар очади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 7-9-октабр кунлари амалий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади. Мамлакатимиз етакчиси “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашувида ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг навбатдаги саммитида иштирок этади.
Мазкур амалий ташрифнинг аҳамияти хусусида Барқарор ривожланиш маркази бўлим бошлиғи Жаҳонгир Исаев ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:

— Бугун Марказий Осиёда кечаётган жараёнлар минтақа доирасидан кенгайиб, Каспий денгизи орқали Жанубий Кавказ ва Европа билан боғлиқ янги иқтисодий ҳамда транспорт маконини шакллантирмоқда. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 7-9 октябрь кунлари Туркманистонга амалий ташрифи, шунингдек, “Аваза” миллий туризм зонасида Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашуви ўтказилиши муҳим сиёсий воқеадир.
Кун тартибига сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, транспорт ва энергетика соҳаларидаги шерикликни ривожлантириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгариши оқибатларига мослашиш, шунингдек, гуманитар алоқаларни кучайтириш масалалари киритилган. Бу йўналишларнинг ҳар бири бугун минтақа мамлакатлари учун умумий манфаат касб этмоқда.
Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мунтазам Маслаҳат учрашувларини ўтказиш ташаббуси Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган эди.
Ўтган даврда ушбу формат минтақада ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва конструктив мулоқот муҳитини шакллантиришда муҳим ўрин тутди. Энг муҳими, Маслаҳат учрашувлари йилдан-йилга фақат сиёсий мулоқот майдони бўлиб қолмай, савдо, транспорт, энергетика, сув ресурслари, экология, маданият ва бошқа устувор соҳаларда амалий ҳамкорликни мувофиқлаштириш механизмига айланиб бормоқда.
2025 йилда Тошкентда ўтказилган навбатдаги Маслаҳат учрашувида Озарбайжоннинг форматга тўла ҳуқуқли иштирокчи сифатида қўшилиши ҳақидаги қарор мазкур жараёнда янги босқични бошлаб берди. Президент Шавкат Мирзиёев бу қарорни Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасидаги стратегик боғлиқлик ва барқарорликни кучайтириш нуқтаи назаридан тарихий аҳамиятга эга қадам сифатида баҳолаган эди.
Шу маънода, Аввазадаги учрашув кенгайган формат доирасидаги ҳамкорликни амалий мазмун билан бойитиш имконини беради. Марказий Осиё мамлакатларининг жаҳон бозорларига чиқиш йўлларини диверсификация қилиш масаласи минтақанинг узоқ муддатли иқтисодий ривожланишида алоҳида аҳамиятга эга. Бу борада Каспий денгизи орқали Озарбайжон ва Жанубий Кавказга чиқиш имкониятларидан самарали фойдаланиш минтақа давлатлари учун муҳим аҳамият касб этмоқда.
Гап фақат янги транспорт йўлакларини очиш ҳақида эмас. Мавжуд маршрутларнинг рақобатбардошлигини ошириш, божхона жараёнларини соддалаштириш ва рақамлаштириш, логистика марказларини ривожлантириш, ўзаро мувофиқ тариф сиёсатини шакллантириш ҳам муҳим.
Шу нуқтаи назардан, Марказий Осиё ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорлик минтақа давлатларининг транзит салоҳиятини ошириш билан бир қаторда, ишлаб чиқариш кооперацияси ва ўзаро инвестицияларни кенгайтириш учун ҳам қўшимча имкониятлар яратади.
Президент Шавкат Мирзиёев аввалги Маслаҳат учрашувларида ҳам Каспий денгизи портлари ва трансчегаравий логистика марказлари имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш зарурлигини таъкидлаб келган.
Минтақавий ҳамкорликнинг яна бир истиқболли йўналиши – энергетика. Марказий Осиё мамлакатлари улкан энергетик ресурсларга, шу жумладан, қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича катта салоҳиятга эга. Каспий минтақаси орқали шаклланаётган янги транспорт ва энергетика боғлиқлиги эса бу имкониятларни янада кенгайтиради. Бунда энергетик хавфсизликни экологик барқарорликдан ажратиб бўлмайди.
Иқлим ўзгариши, сув танқислиги, чўлланиш ва ер деградацияси каби муаммолар бирор давлат чегараси билан чекланмайди. Шу сабаб уларга қарши самарали курашиш мувофиқлаштирилган минтақавий ёндашувларни талаб қилади. Туркманистоннинг ҳам энергетика ва сув хавфсизлиги, барқарор транспорт боғлиқлиги ҳамда минтақавий экотизимни муҳофаза қилишга қаратилган ташаббуслари Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда илгари сураётган мақсадлари билан уйғун. Бу эса “Аваза” учрашувида “яшил” тараққиёт масалаларини минтақавий ҳамкорликнинг амалий йўналишларидан бири сифатида янада илгари суриш имконини беради.
Бугун Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш ҳам давлатларнинг яқин ҳамкорлигини талаб қилмоқда. Замонавий хавф-хатарлар – терроризм ва экстремизмдан тортиб, кибертаҳдидлар, трансмиллий жиноятчилик, экологик ва энергетик хавфларгача тобора трансчегаравий тус олмоқда. Шу сабаб хавфсизликка фақат юзага келган таҳдидларга жавоб бериш нуқтаи назаридан эмас, балки уларнинг олдини олиш, хавфларни олдиндан баҳолаш ва давлатларнинг мувофиқлаштирилган ҳаракатларини таъминлаш асосида ёндашиш муҳим. Бу борада охирги йилларда шаклланган сиёсий ишонч муҳити Марказий Осиёнинг муҳим стратегик ютуқларидан бири ҳисобланади.
Кейинги йилларда Ўзбекистон ташқи сиёсатида Марказий Осиё устувор йўналиш сифатида белгиланди. Натижада минтақа давлатлари ўртасида очиқ мулоқот, ўзаро манфаатларни ҳисобга олиш ва баҳсли масалаларга ечим излашнинг янги муҳити шаклланди. Маслаҳат учрашувлари механизмининг айнан Ўзбекистон ташаббуси билан йўлга қўйилгани ҳам мамлакатимизнинг минтақада ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилган сиёсатининг амалий ифодасидир.
Эндиликда мазкур жараённинг янги вазифаси – сиёсий ишончни иқтисодий натижаларга айлантириш. Транспорт харажатларини камайтириш, савдодаги тўсиқларни бартараф этиш, саноат кооперациясини кенгайтириш, инвестицияларни рағбатлантириш, энергетика ва “яшил” иқтисодиёт соҳаларида умумий лойиҳаларни амалга ошириш ана шундай вазифалар сирасига киради.
Марказий Осиё давлатлари сўнгги йилларда ўзаро муносабатларни сифат жиҳатидан янги даражага кўтаришга эришди. Озарбайжоннинг бу ҳамкорлик форматига тўла ҳуқуқли иштирокчи сифатида қўшилиши Марказий Осиёни Каспий орқали Жанубий Кавказ билан боғлайдиган янада кенг сиёсий ва иқтисодий макон шаклланишига шароит яратмоқда. Шу маънода, “Аваза”даги саккизинчи Маслаҳат учрашувидан кутилаётган асосий натижа янги ташаббусларни илгари суриш билангина чекланмайди. Энг муҳим масала – эришилган сиёсий келишувларни аниқ лойиҳалар, ўзаро савдо ҳажмининг ошиши, транспорт алоқаларининг яхшиланиши ва одамлар ҳаётида сезиладиган амалий натижаларга айлантиришдир. Шунда Марказий Осиёда шаклланган янги сиёсий муҳит бутун минтақанинг барқарор тараққиёти учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.
ЎзА мухбири Н.Усмонова ёзиб олди.