Марказий Осиё талабалар спорт форуми иштирокчилари Самарқандда
29 сентябрь куни Тошкентда бошланган I Марказий Осиё халқаро талабалар спорти форуми иштирокчилари бугун Самарқандга келди.
Дастлаб "Ипак йўли" халқаро туризм ва маданий мерос университетида Бутунжаҳон университетлар спорти федерацияси (FISU) президенти Леонз Эдер ҳамда Марказий Осиё ва миллий университет спорт федерациялари раҳбарияти билан учрашув бўлиб ўтди.
Ўзбекистон талабалар спорти ассоциацияси раисининг биринчи ўринбосари Эркин Қодиров форумнинг дастлабки кунларида хорижлик экспертлар, олий таълим ва спорт вазирликлари мутасаддилари билан мамлакатимизда талабалар спортини ривожлантириш модели, шунингдек, Ўзбекистон тажрибасини бутунжаҳон спорт ҳамжамиятига танитиш ва бошқа давлатларда қўллаш, соҳадаги долзарб масалаларни ҳал қилишда ҳамкорлик истиқболларини белгилаш масалалари муҳокама қилинганини маълум қилди.
– Талабалар спортини тарғиб қилишдан мақсад нафақат соғлом муҳит яратиш ва спортни ривожлантириш, балки мамлакатлар ўртасидаги миллий-маданий алоқаларни мустаҳкамлашдир, – деди Бутунжаҳон университетлар спорти федерацияси (FISU) президенти Леонз Эдер. – Шунингдек, талабалар ўртасида халқаро мусобақаларни ташкил этиш ва иқтидорли спортчиларни аниқлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу мақсадларни қўллаб-қувватлаётган Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё давлатлари университет спорти федерациялари масъулларига миннатдорлик билдираман.
[gallery-31737]
Учрашувдан сўнг тадбир иштирокчилари "Ипак йўли" халқаро туризм ва маданий мерос университетида талабалар ва ўқитувчиларга яратилган шароитлар билан танишди.
Ташриф дастурига мувофиқ, меҳмонлар Амир Темур мақбараси, Регистон майдони, Шоҳи Зинда мажмуаси ва бошқа диққатга сазовор масканларда бўлди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари