Марказий Осиё институтида навбатдаги халқаро анжуман
Марказий Осиё халқаро институтида Ҳайдар Алиевнинг 100 йиллигига бағишланган “Ҳайдар Алиевнинг Ўзбекистон – Озарбайжон ҳамкорлигини ривожлантиришдаги роли” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бошланди.
Анжуман Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ва Тошкентдаги Ҳайдар Алиев номли Озарбайжон маданият маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Тадбирда икки давлат парламентлари аъзолари, дипломатик ва илмий доира вакиллари, “Ўзбекистон-Озарбайжон” дўстлик жамияти, Ёзувчилар уюшмаси вакиллари, икки мамлакат нуфузли олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирок этяпти.
Ушбу конференциядан кўзланган мақсад озарбайжон халқининг уммумиллий етакчиси Ҳайдар Aлиев фаолияти билан боғлиқ муҳим тарихий воқеаларни чуқур ўрганиш, ушбу давлат арбобининг Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги дўстона муносабатни шакллантириш ва мустаҳкамлашдаги ўрни хусусида фикр алмашишдан иборат.
Қайд этилганидек, қардошлик риштаси пойдевори Ҳ.Алиев ва Ш.Рашидов томонидан қўйилган эди. Сўнги йилларда эса амалдаги Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев саъй-ҳаракатлари билан муносабатларимиз сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди, маданий, ижтимоий-иқтисодий алоқалар юксалди.
Форум давомида мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатнинг ривожланиши, Ўзбекистон ва Озарбайжон дуч келаётган замонавий таҳдид, муаммоларга баҳо берилади, ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилувчи янги ғоя, лойиҳалар тўғрисида фикр алмашилади.
Ғ.Хонназаров,
ЎзА