“Марказий Осиё – АҚШ” (C5+1) форматидаги вазирлар учрашуви
19 октябрь куни Самарқандда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ташқи ишлар вазирлари ҳамда Америка Қўшма Штатлари Давлат котиби иштирокида "C5+1" форматидаги вазирлар учрашуви ўтказилди.
Бундан ўн бир йил аввал Самарқандда йўлга қўйилган мазкур формат ўтган давр мобайнида янада такомиллашди. 2020 йилда АҚШнинг Марказий Осиё бўйича стратегиясида C5+1 асосий ҳамкорлик механизмларидан бири сифатида белгиланди. Шу асосида 2023 йил Нью-Йоркда ва 2025 йил ноябрда Вашингтонда бўлиб ўтган саммитлар давлат раҳбарлари даражасига чиқди.
Шу билан бирга кейинги ўн йилликда Ўзбекистон етакчисининг фаол ва прагматик ташқи сиёсати натижасида Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланиб, яқин қўшничилик, биродарлик муносабатлари изчил ривожланиб бормоқда. Айни пайтда минтақа давлатлари ўртасида узоқ вақт ечим топилмаган чегара билан боғлиқ масалалар ҳал этилган. Ўзаро савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорлик икки ва кўп томонлама муносабатларда давом этмоқда.
Бугунги кунда Марказий Осиё давлатлари Америка Қўшма Штатлари билан кўп қиррали, ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ўз навбатида расмий Вашингтон ҳам Марказий Осиё билан ҳамкорликни ташқи сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири сифатида кўрмоқда.
Дунёдаги нуфузли оммавий ахборот воситалари Марко Рубионинг Ўзбекистонга ташрифи ва “C5+1” форматидаги учрашувни АҚШнинг минтақа давлатлари билан иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, стратегик шерикликни мустаҳкамлаш ва минтақадаги иштирокини кучайтиришга интилаётгани билан изоҳлади.
АҚШ Давлат котиби Самарқандга ташрифи олдидан журналистлар саволларига жавоб бературиб, Ўзбекистон билан муносабатларни стратегик аҳамиятга эга деб айтди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш АҚШ ташқи сиёсатининг муҳим йўналиши эканини қайд этди.

Мулоқотда минтақа вазирлари ва АҚШ Давлат котиби савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, узоқ муддатли инвестицияларни жалб этиш, транспорт, энергетика ва рақамли инфратузилмани ривожлантириш юзасидан атрофлича фикр алмашдилар.
Муҳим минераллар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бу минтақамизда янги саноат қувватлари, иш ўринлари ва технологик имкониятларни яратишга хизмат қилади.
Шунингдек, бизнес вакилларини устувор лойиҳаларни белгилаш ва илгари суришга жалб этиш учун “C5+1” ва “B5+1” форматлари ўртасида мунтазам ҳамкорликни йўлга қўйиш таклиф этилди.
Учрашув якунлари бўйича қўшма баёнот имзоланди. Ҳужжатда Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгиланган.
Жумладан, баёнотда C5+1 мамлакатлари ҳукуматлари суверен давлатлар ўртасидаги дўстлик муҳимлигини тасдиқлар экан, мамлакатларимизнинг тарихий ҳиссасини эътироф этамиз, бугунги имкониятлардан фойдаланамиз ҳамда ҳар бир мамлакатимиз фуқаролари учун янада тинч ва фаровон келажакни барпо этишга интиламиз. Биз низоларни тинч йўл билан ҳал этиш тамойилларини ривожлантиришни, мамлакатларимиз ўртасидаги мулоқот ва ҳамкорликни изчил мустаҳкамлашни кўзлаймиз, дейилади.
Шунингдек, Марказий Осиёнинг глобал иқтисодиёт марказидаги ўрнини қайта тиклаш, Транскаспий савдо йўлагини янада ривожлантиришга қаратилган биргаликдаги саъй-ҳаракатлар Марказий Осиё ва АҚШ ўртасида икки томонлама савдо ва инвестицияларни мисли кўрилмаган даражада кенгайтиришга, шунингдек, жадал ўсаётган бозорлардаги имкониятларни ишга солишга хизмат қилиши таъкидланган.
Ривожланиб бораётган C5+1 платформаси Марказий Осиёда фаолият юритаётган Америка компаниялари учун ўзаро манфаатли янги тижорат имкониятларини яратишда давом этиши, шу билан бирга, ҳукуматлар Марказий Осиё корхоналарининг АҚШ бозорига сармоя киритиши ва ушбу бозорда фаолият юритиши учун кенгайтирилган имкониятларни назарда тутаётгани алоҳида қайд этилган.
Баёнотда хавфсиз ва ишончли технологиялар, Американинг технологик салоҳияти ҳамда Марказий Осиёда жадал ривожланаётган технология тармоқларидан фойдаланиш орқали электрон тижорат равнақ топадиган, инновацион ечимлар кенг қўлланиладиган ва иқтидорли тадбиркорлар муваффақиятга эришадиган минтақани шакллантириш мақсади илгари сурилган.
Мулоқот иштирокчилари АҚШ ва Марказий Осиё ўртасидаги энергетика соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш барқарор иқтисодий ўсиш ва энергетик барқарорликни таъминлайдиган, юқори қўшилган қийматга эга интеграциялашган таъминот занжирларини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларга кучли туртки беришини эътироф этади. Шу билан бирга минтақада энергетика соҳасини ривожлантиришнинг умумий ва қудратли ҳаракатлантирувчи кучига айланиш учун салоҳиятлар бирлаштирилиши қайд этилади. Бу борада геологик маълумотларни бошқариш бўйича тажриба ва илғор амалиётларни алмашиш мақсад қилинган.
Бундан ташқари, баёнотда C5+1 доирасидаги хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик, божхона тартиб-таомилларини такомиллаштириш ва савдони енгиллаштириш, маданий мерос соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, туризм ва креатив иқтисодиёт каби маданий соҳаларда бизнес алоқаларини ривожлантириш масалалари бўйича ҳам умумий қарашлар билдирилиб, биргаликда янада фаровон келажакни барпо этиш мақсади илгари сурилган.
Ғолиб Ҳасанов,
ЎзА мухбири