Маърифатпарвар аллома Ибрат мероси ёд этилди
Наманганда 31 август – Қатағон қурбонлари куни муносабати билан “Нуроний” жамғармаси ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлимлари томонидан маънавий-маърифий учрашув ташкил этилди.
Тўрақўрғон туманидаги “Қатағон қурбонлари хотираси музейи”да бўлиб ўтган тадбирда улуғ маърифатпарвар аллома Исҳоқхон Жунайдуллахўжа ўғли Ибратнинг ҳаёт йўли, амалга оширган ишлари ва унинг кейинги авлодининг намояндалари билан яқиндан таништирилди. Учрашувга Ибрат бобонинг чевараси – Наманган телерадиоканалининг масъул ходими Икромжон Содиқов таклиф қилинди.
“Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раисининг ўринбосари Абдурашид Болтабоев, “Маҳалла” фонди вилоят бўлими раҳбари Аҳмаджон Мукаррамов қайд этишганидек, Биринчи Президентимизнинг 2001 йил 1 майдаги “Қатағон қурбонларини ёд этиш кунини белгилаш тўғрисида”ги фармонига кўра, пойтахтимиздаги “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуи бағрида бунёд этилган “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи истиқлол ғояларига асосланган маънавият масканига айланган. Музей ўз фаолиятини 2002 йил 31 августда бошлаган, шу сабабли мазкур сана – Қатағон қурбонлари куни сифатида белгиланган.

Таъкидлаб ўтилганидек, 1921-1953 йиллар орасида Наманган вилоятида 1 минг 673 киши қатағон қурбонига айланган, улардан 800 нафари ўлим жазосига ҳукм этилган. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 8 октябрдаги “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармойиши асосида Республика ишчи гуруҳи ҳамда қатағон қурбонларининг номларини тиклаш ва хотирасини абадийлаштириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланиб, Олий суднинг 2021 йил 25 августдаги қарори билан 115 нафар қатағон қурбони оқланган.
Исҳоқхон тўра Ибрат маърифатпарвар шоир, забардаст тилшунос, тарихшунос олим, илк ўзбек матбаачиларидан бўлиб, 1862 йилда Тўрақўрғон қишлоғида туғилган. Дастлабки маълумотни эски мактабда, сўнгра онасининг қўлида олади. Кейинроқ Қўқонга бориб мадрасага ўқишга киради. Ибрат 1886 йили мадрасани тугатиб, ўз маконига қайтиб келади. У ўз фаолиятини педагог сифатида қишлоқда маърифат тарқатиш билан бошлади. Ўша йили эски маҳаллий мактаблардан анча фарқ қилувчи янгича мактаб очади.
Ибрат чин қалбдан ўз халқининг илмли, маърифатли бўлишини истади. Кейинги 20 йил ичида 14 та илмий-тарихий, лингвистик асар ёзди. 30 йиллик поэтик ижодининг мажмуи – “Девони Ибрат” шеърлар тўпламини тузди. Тарихшуносликка оид “Тарихи Фарғона”, “Тарихи маданият” ва “Мезон уз-замон” илмий асарларини яратди. У !Туркистон вилояти газети”, “Садои Туркистон”, “Садои Фарғона” газеталарига ёзган мақолаларида фан, маърифат ва маданиятни тарғиб этган.

Ибратнинг сўнгги йиллардаги ҳаёти анча таҳликали ўтди. 1935 йилдан у ҳамма лавозимлардан олиб ташланди. 1937 йилнинг апрель ойида 75 ёшли кекса шоир ва маърифатпарвар ҳибсга олиниб, Андижон турмасида вафот этади.
Мулоқотда қатнашган Ибрат ҳаёт йўлини ўрганган олимлар ва алломанинг невараси жадидчи олимнинг ўз номига муносиб ҳаёт ва фаолияти ҳақида қизиқарли маълумотлар билан ўртоқлашди.

– Мана шундай шукуҳли дамларда катта бобом Исҳоқхон Ибрат хотирасига уюштирилган тадбир учун ташкилотчилардан беҳад миннатдорман. 1991 йили Наманган вилояти телерадиокомпаниясига ишга келганимдан кейин Ибрат ҳақида кўплаб маълумотлар тўплашга киришдим, – дейди Исҳоқхон Ибрат домла чевараси Икромжон Содиқов. – Президентимиз томонидан бобом меросига алоҳида эътибор қаратилиши натижасида Исҳоқхон тўра Ибрат тўғрисида ҳужжатли фильм суратга олишга муяссар бўлдим. Нуронийлар ва туман фаоллари билан мулоқотда катта бобом хусусида илиқ сўзларни эшитиш жуда қувончли бўлди. Мен Ибрат домланинг авлоди эканлигимдан фахрланаман.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири