Мард ўғлонлар ёди мангу барҳаёт
Ҳарбий либосдаги кишини кўрганда ҳавас қилмаган, кўнглида “катта бўлсам мен ҳам аскар бўламан” деган орзу уйғонмаган бола бўлмаса керак. Ҳар бир ўғил бола албатта, ҳарбий либос кийиб юртга хизмат қилишни, оиласи, Ватанини ҳимоя қилишни олий мақсад деб билади.
Кейинчалик ҳаёт йўлини бошқа соҳаларга бошласада, эр киши барибир, аввало Ватан ҳимоячисидир.
Самарқанд вилояти Иштихон тумани Қўнғирот маҳалласида туғилган Бобомурод Тожиев ҳам болалигидан ҳарбий бўлишни кўнглига туккан, орзуси йўлида қатъият билан интилган йигитлардан эди. Қишлоқдан кимдир ҳарбий хизматдан келса, Бобомурод унинг бош кийими ёки камарини, балки бирор бир нишонини совға сифатида олиб, ўз кийимларига қадаб қўярди. Келажакда ўзимнинг шундай кийимларим бўлади, деб тенгдошларига мақтанарди.
Ҳаш-паш дегунча болалик ортда қолиб, 1995 йилда мактабни битирди. Синфдошларининг кўпчилиги олий ўқув юртларига ҳужжат топширди, бошқалари ҳам ҳаётда ўз йўлини топишга интилди. Бобомурод эса ҳарбий хизматга боришни ва келажагини ҳам ҳарбийлик билан боғлашни мақсад қилган эди. Шу мақсад билан ҳаракат қилди ва 1996 йилда муддатли ҳарбий хизматга жўнади. Армияда бўлгани чоғида ҳам ўқиб-изланишдан тўхтамади, жисмоний тайёргарлик билан бирга фанларни пухта ўзлаштирди ва аскар сифатида Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртига ҳужжат топширди. Барча синовлардан муваффақиятли ўтиб, ўқишга қабул қилинди. Бу Бобомуроднинг ўз олдига қўйган мақсадлари сари дадил қадами эди.

Тўрт йиллик ўқиш уни ҳар томонлама тоблади. Ҳарбийлик ҳавасли ва шу билан бирга машаққатли ва шарафли касб эканлигини, зиммасига жуда катта масъулият борлигини англади.
Бобомурод Тожиев билим юртини битирганидан сўнг дастлаб Тошкент вилоятидаги ҳарбий қисмлардан бирига ишга юборилди. Ёш лейтенант ўзининг тиришқоқ ва мардлиги, ҳар бир ишга профессионал ёндашуви билан қисқа вақтда ҳарбий қисм офицер ва сержантлари, аскарлар ўртасида ҳурмат-эътибор қозонди. Кейинчалик уни Қуролли Кучларнинг махсус операциялар батальонига жалб қилишди. Бу ерда ҳам Б.Тожиев жисмонан бақувватлиги, ақлий салоҳияти юқорилиги билан сафдошлари ўртасида муносиб ўрин эгаллади. Бўлинма командирлигига тавсия этилди. Сафдош дўстлари Бобомуроднинг Ўзбекистон ва АҚШ ҳарбийларининг ҳамкорликдаги ўқув машғулотида кўрсатган фаоллигини ҳали ҳам фахр билан эслайди. Афсуски, майор Б.Тожиев 2012 йил июнь ойида ўз хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлди.
Бобомурод Тожиевнинг оила аъзолари, уч нафар фарзанди Мудофаа вазирлиги ва сафдош дўстларининг доимий эътиборида. Шу кунларда Б.Тожиев яшаган хонадонга уни хотирлаш ва фарзандларидан ҳол сўраш учун ҳамкасблари, яқинлари келиб, собиқ ҳарбийнинг оиласини байрам билан табрикламоқда.
– Турмуш ўртоғим вафот этган бўлсада, мудофаа вазирлиги ва ҳудудий бошқарма масъуллари ҳол сўраб туришади, – дейди М.Кубаева. – Айниқса, Ватан ҳимоячилари куни арафасида келиб ёки телефон қилиб, байрам билан табриклашади. Турмуш ўртоғимни хотирлашади. Бундан фарзандларимнинг ҳам кўнгли тоғдек кўтарилади. У киши жисман орамизда бўлмаса ҳам бизнинг, дўстларининг қалбида яшамоқда. Мен ҳарбий хизматчининг аёли бўлганимдан фахрланаман.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА