Манфаатли лойиҳалар келишувига асосланган учрашув
Бухоро вилоят ҳокими Ботир Зарипов покистонлик ишбилармонлар делегациясини қабул қилди ва меҳмонларни Бухорога ташрифи билан қутлади. Шунингдек, мамлакатимизда иқтисодиётнинг барча тармоқларида бозор механизмлари жорий қилинаётганини, бизнес ривожини чеклайдиган тўсиқлар бартараф этилганини алоҳида таъкидлади.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Покистон мамлакатлари тарихидаги сўнгги саккиз йил икки давлат ўртасидаги яқин дўстлик, ижтимоий-иқтисодий ҳамкорлик алоқаларининг чўққиси бўлди. Иқтисодий самарадорлик билан бир қаторда, маданий-гуманитар алоқалар ва зиёрат туризми соҳасида ҳам замонавий тизим йўлга қўйилган.
Бугунги кунда Покистон иқтисодий жиҳатдан дунёдаги тез ривожланаётган ўрта даромадли, аҳоли ва улкан иқтисодий имкониятларга эга саноати ривожланган мамлакат. Тўқимачилик, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари соҳаларида ҳам илғор ҳисобланади.

– Бу соҳалар ривожига катта эътибор қаратаётган мамлакатимиз учун Покистоннинг тажрибаси ва технологиялари муҳим, – дейди Ботир Зарипов. – Покистон учун ҳам изчил ривожланаётган, инвесторларни қўллаб-қувватлаётган Ўзбекистон истиқболли ҳамкор деб ҳисоблаймиз.
Сўнгги йилларда хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар сони беш бараварга ошди. Ҳозирда ҳудудда 450 дан ортиқ хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар фаолият кўрсатаётган бўлса, вилоят тадбиркорлари ва Покистон Ислом Республикаси компаниялари ҳамкорлигида 12 та корхона рўйхатдан ўтган.
Покистон Ислом Республикаси ва Бухоро вилояти ўртасидаги ўзаро ташқи савдо айланмаси 2024 йилда 6,0 миллион долларни ташкил этиб, 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 60 фоизга ўсган. Шу жумладан, экспорт ҳажми 4,5 миллион доллар ва импорт ҳажми 1,5 миллион долларга етган.

Сўнгги йилларда мамлакатимизга, хусусан, Бухорога келаётган сайёҳлар ва меҳмонлар сони ҳам жадал суръатлар билан ортиб бормоқда. Йиллик хорижий сайёҳлар сони 1,7 миллионни ташкил этаётган бўлса, 2024 йилда покистонлик сайёҳларнинг сони 1200 нафарни ташкил этди.
– Албатта, бу кўрсаткичлар биз учун кам, – дейди вилоят раҳбари. –Келгусида биз Покистон Ислом Республикасидан Бухоро вилоятига ташриф буюрувчи сайёҳлар сонини ҳамда ташқи савдо айланмаси ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмини оширилишига ишонамиз.
Музокарада Бухоро вилоятида инвесторлар ва ишбилармонлар учун ўзаро манфаатли бўлган, ишга солинмаган жуда катта салоҳият мавжудлиги таъкидланиб, аниқ конструктив таклифлар ўртага ташланди. Покистонлик сармоядорлар мавжуд имкониятлардан фойдаланган ҳолда икки томонлама манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш ниятида эканликларини билдирди.

Покистон Ислом Республикаси ишбилармонларидан иборат делегацияси “Бухоро Агрокластер ДЗЗ” МЧЖ бўлди. Корхона давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 16 январдаги “Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан ташкил этилган. У ўзида йирик шохли қора молларни боқишдан тортиб, сутни чуқур қайта ишлашгача бўлган барча технологик занжирларни тўлиқ бирлаштирган.
Меҳмонлар бу ердаги иш жараёни билан яқиндан таништирилди. Шунингдек, экин майдонларидаги тупроқларни ўрганиш билан тупроқ унумдорлигини ошириш мақсадида ташкил этилган тупроқ таҳлил лабораториясининг фаолиятини ҳам кўздан кечирди. Ушбу лаборатория ташкил этилганидан кейинги қисқа давр ичида экин далаларидан тегишли намуналар олиниб, уларнинг таҳлиллари асосида тупроққа ишлов бериш, уларнинг таркибини яхшилаш, ўғитлаш ва шўрини ювиш бўйича хулоса ва тавсиялар тайёрлаш ишлари бошлаб юборилган эди ва эндиликда бу таҳлиллар доирасини янада кенгайтиришни давр талаб қилмоқда.

Ҳозирда илғор хорижий тажриба асосида Когон туманида “Бухоро саноатни ривожлантириш комплекси” махсус саноат парки барпо қилинмоқда. Мазкур объектнинг ташкил этилиши натижасида Бухоро вилоятига тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш, юқори технологияларга асосланган замонавий саноат қувватларини ишга тушириш, ички ва ташқи бозорлар учун рақобатбардош тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда янги иш ўринларини яратилишига эришилади.

Меҳмонлар Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасини зиёрат қилдилар. Қуръон тиловат қилинди. Покистонликлар Ўзбекистон буюк алломалар юрти эканини, халқимиз тарихи ва маънавиятига ҳурматлари баландлигини таъкидлади.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг Покистон Ислом Республикасидаги элчиси Алишер Тўхтаев, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Ҳалимжон Сафаров, Ўзбекистоннинг Покистон Ислом Республикасидаги элчихонаси савдо маслаҳатчиси Баҳром Юсупов қатнашди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири