Мандалай аэропортида халқаро ва ички рейслар тўхтатилди
“Myanmar Airways International” (MAI) авиакомпанияси Мандалай халқаро аэропорти яқинидаги ҳарбий объектга дрон билан ҳужум уюштирилиши ортидан ушбу ҳаво қўналғасидан амалга ошириладиган барча халқаро рейсларни вақтинча тўхтатди.
“9Kirins Travel” сайёҳлик агентлиги эълон қилган баёнотда таъкидланишича, бу қарор тўсатдан юзага келган вазият сабабли қабул қилинган ва кейинги билдиришномагача амал қилади. MAI ҳамда “Mingalar Aviation” томонидан Мандалай йўналиши бўйича учган барча ички рейслар Пин-У-Лвин шаҳридаги Анисакан аэропортига йўналтирилмоқда.
Парвоз чеклови 10 сентябрь куни тушдан сўнг содир бўлган ҳужум билан боғлиқ. Инқилобий кучлар томонидан учирилган 6 дрон орқали халқаро аэропортга яқин жойлашган Тада-У ҳарбий-ҳаво маскани нишонга олинган. Ҳужум оқибатида 4 самолёт зарар кўрган, 2 таси фойдаланишга мутлақо яроқсиз ҳолга келган.
“9Kirins Travel” юзага келган ноқулайлик учун йўловчилардан узр сўраб, уларга икки хил ечим таклиф этмоқда: чипта қийматини 100 фоиз қайтариб олиш ёки бўш ўрин мавжуд бўлган тақдирда, жаримасиз бошқа муқобил йўналишга бепул қайта расмийлаштириш.
Ф.Яхшибоева, ЎзА