Маънавий-маърифий тадбир юқори савияда ташкил этилди
Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фондининг Бухоро вилояти бўлинмаси ташаббуси билан Бухоро шаҳридаги ННТ ва Дўстлик уйида “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” мавзусида маънавий-маърифий тадбир юқори савияда ташкил этилди.
Унда вилоят ҳокимлиги масъуллари, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Бухоро вилояти бўлинмаси ҳарбий хизматчилари, миллий-маданий марказлар раҳбарлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Анжуман дўстлик, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик ғояларини янада кенг тарғиб этиш, юртимизда қарор топган тинчлик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, бугунги кунда Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат ҳамда 16 та диний конфессия вакиллари ўзаро ҳурмат ва ишонч муҳитида, ягона мақсад йўлида аҳил-иноқ яшаб келмоқда. Бу эса мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, миллатидан, тили ва динидан қатъи назар ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган давлат сиёсатининг амалий натижасидир.

Айниқса, Ўзбекистон Республикасининг “Халқлар дўстлиги кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилиниши мамлакатимизда миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим тарихий қадам бўлди. Мазкур Қонунга мувофиқ, 30 июль — Халқлар дўстлиги куни этиб белгилангани халқимизга хос бағрикенглик, ўзаро ҳурмат ва эзгулик каби қадриятларни янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Тадбирда Президентимиз томонидан миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлашга қаратилаётган юксак эътибор алоҳида эътироф этилди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, юртимиздаги тинчлик ва осойишталик, халқлар ўртасидаги дўстлик муҳитини асраш ҳар биримиз учун муқаддас бурчдир. Бу ғоялар бугунги Янги Ўзбекистон тараққиётининг энг муҳим таянчларидан бири бўлиб хизмат қилмоқда.
Тадбир иштирокчиларига мамлакатимизда турли миллат ва элатлар ҳамда диний конфессиялар вакиллари ўртасидаги ҳамжиҳатликни таъминлаш, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, инсон қадрини улуғлаш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Қайд этилганидек, юртимизда ҳар бир миллатнинг тили, маданияти, урф-одати ва анъаналарини асраб-авайлаш учун барча ҳуқуқий ва амалий имкониятлар яратилган.

Бухоро вилоятида бугунги кунда 12 та миллий-маданий марказ самарали фаолият юритиб, халқлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Ушбу марказларда миллий маданият, она тили, урф-одат ва қадриятларни тарғиб қилиш билан бир қаторда, ёш авлодни ватанпарварлик, бағрикенглик ва инсонпарварлик руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Татар-бошқирд миллий-маданий маркази раҳбари Холида Сабитова бағрикенглик инсоният эришган энг улуғ қадриятлардан бири эканини таъкидлади.
— Бугунги кунда бағрикенглик инсоният томонидан эришилган энг катта ютуқлардан биридир. Келгусидаги тараққиёт учун ҳам айнан шу фазилат энг муҳим омил бўлиб қолади. Ўзбекистонда турли миллат ва диний конфессия вакиллари ўртасида мустаҳкам дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳити қарор топган. Бу юртда ҳар бир инсон ўзини ягона Ватаннинг тенг ҳуқуқли фарзанди сифатида ҳис этади, — деди у.

Тадбир давомида билдирилган фикрлар, ўтказилган мулоқотлар ва самимий учрашувлар барча иштирокчиларда яна бир бор Ватанга муҳаббат, халқлар дўстлигига садоқат ва юрт тинчлигини асраш масъулиятини янада кучайтирди.
Бухорода ўтказилган мазкур маънавий-маърифий тадбир яна бир ҳақиқатни намоён этди: миллатлар ўртасидаги дўстлик ва бағрикенглик — бу шунчаки шиор эмас, балки Янги Ўзбекистоннинг ҳаётий тамойилидир. Турли миллат ва элат вакилларининг ягона Ватан равнақи йўлида бирлашиб меҳнат қилиши мамлакатимиз қудрати ва халқимиз бирдамлигининг энг ёрқин ифодасидир.
Зеро, тинчлик ва тотувлик ҳукм сурган юртда тараққиёт барқарор бўлади, инсон қадри юксалади, келажак эса янада порлоқ бўлади. Бухорода нишонланган Халқлар дўстлиги куни ана шу буюк ғояларнинг ҳаётбахш тимсоли сифатида барча иштирокчилар қалбида унутилмас таассурот қолдирди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири