Маълумотлар марказини ишга туширишга тайёргарлик қандай кетмоқда?
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов DataVolt компанияси бош ижрочи директори Ражит Нанда билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида IT Park Uzbekistan ҳудудида қурилаётган маълумотлар марказининг бугунги ҳолати, қурилиш ишларининг якуний босқичи ва объектни белгиланган муддатларда ишга тушириш масалаларига эътибор қаратилди. Шунингдек, марказни фойдаланишга топшириш, ташкилий ишларни мувофиқлаштириш ва очилиш маросимига тайёргарлик кўриш масалалари кўриб чиқилди.
Кўпчиликда янги марказ Ўзбекистонга нима беради, деган савол туғилиши табиий.
IT соҳаси мутахассисларининг айтишларича ушбу лойиҳа мамлакатдаги ҳисоблаш қувватларига бўлган талабни қондириш билан чекланиб қолмайди. У халқаро бозорларга рақамли хизматлар ва ҳисоблаш қувватларини экспорт қилиш учун ҳам янги имкониятлар яратиши кутилмоқда.
Учрашувда халқаро технология компанияларини жалб этиш, илғор булутли хизматларни ривожлантириш ва юқори унумли ҳисоблаш инфратузилмасини шакллантириш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.
Маълумотлар марказининг ишга туширилиши Ўзбекистоннинг минтақавий рақамли инфратузилмадаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилиши мумкин. Бу эса мамлакатнинг нафақат рақамли хизматлардан фойдаланувчи, балки уларни халқаро бозорга таклиф этувчи давлат сифатидаги имкониятларини ҳам кенгайтиради.
Учрашув якунида лойиҳанинг кейинги босқичларини мувофиқлаштириш, мавжуд масалаларни ўз вақтида ҳал этиш ва марказни ишга туширишга тайёргарлик ишларини изчил давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА