Малида вазият кескинлашди
"Элчихона ўта эҳтиёткорлик намоён этиш ва жуда зарур бўлмаган ҳолларда умуман у ёқдан бу ёққа юрмасликни тавсия этади", - дейилади Испания элчихонасининг ижтимоий тармоқ орқали тарқатган баёнотида.
Африка қитъасининг ғарбий қисмида жойлашган Мали давлатида ҳарбийлар қўзғолон қилишди. “Рейтер” ахборот агентлиги Норвегиянинг ушбу мамлакатдаги элчихонаси хабари ҳамда давлат хавфсизлик тизимидаги манбага таяниб маълум қилишича, ҳодиса пойтахт Бамако шаҳри яқинида юз берган.
Хавфсизлик хизматига тааллуқли манба агентликка "қўзғолон" кўтарилганини билдириб, "ҳарбийлар қўлларига қурол олганликлари"ни қўшимча қилган.
"Элчихонага қуролли кучлар сафида қўзғалиш рўй бергани ҳақида маълумот келди, қўшинлар Бамакога томон йўл олишган. Норвегияликлар эҳтиёт бўлишлари ва вазият ойдинлашгунга қадар, имкон даражасида уйларида қолишлари лозим".
– Бу иқтибосни агентлик элчихона вакили сўзларидан келтирган.
Шунингдек, Малидаги Франция ва Испания фуқароларига ҳам турар-жойларини тарк этмаслик тавсия этилган.
"Элчихона ўта эҳтиёткорлик намоён этиш ва жуда зарур бўлмаган ҳолларда умуман у ёқдан бу ёққа юрмасликни тавсия этади", - дейилади Испания элчихонасининг ижтимоий тармоқ орқали тарқатган баёнотида.
Франция элчихонаси ҳам Бамако ёнидаги Кати туманида "вазият кескин" эканини қайд этган.
“RFI” радиостанцияси маҳаллий аҳоли вакилларига таяниб хабар қилишича, сешанба куни эрталаб Кати ҳудудидаги ҳарбий лагердан ўқ овози эшитилган. Базага олиб борадиган йўл қамал қилиниб, беркитилган. Кати коммунаси президент саройидан унча узоқ эмас.
“РИА Новости” тарқатган маълумотга қараганда, Малининг қўзғолончи ҳарбийлари бир неча вазир ва зобитни асирликка олган. Айрим юқори лавозимли мулозимлар номаълум томонга олиб кетилган.

Маҳаллий “Bamada” портали ёзишича, Мали Қуролли кучлари Бош штаби Катидаги ҳарбий мактабнинг собиқ директори полковник Садьо Камара бошчилигидаги қўзғолончилар назоратига ўтган.
“Maliweb” нашри эса воқеа тафсилотларига аниқлик киритиб, босқинчилик ҳаракати ташкилотчилари сифатида полковниклар Дьяу ва Камара, шунингдек генерал Шейк Фантамади Дембеле номини келтирмоқда.
Ўз навбатида, Африканинг “LSI” портали қўзғолонни 4 киши уюштирганини таъкидлаб, юқорида номлари тилга олинган ҳарбийлар қаторига полковник Мама Секу Лелентани ҳам қўшган.
Қўлга олинганлар орасида Иқтисодиёт ва молия вазири Абдулайе Даффе ва мамлакат ИИВ бошлиғи Тьебиле Драме борлиги тахмин қилинмоқда. “Journal du Mali” газетаси республика парламенти спикери Муса Тимбине ҳам ўғирланганини ёзган.
“LSI Africa” портали эса армия таркибидаги манбаларига таяниб, қўзғолончилар Мали Бош вазири Бубу Сиссе ва мамлакат президентининг ўғли Карим Кейтани ҳам ҳибсга олгани ҳақида маълум қилган.
Айрим ОАВ Мали мудофаа вазири Иброҳим Доҳира Дембеле ҳам қўзғолон кўтарганлар қўлида бўлиши эҳтимоли борлигини эълон қилган.
Малидаги қўзғолончилар амалдаги президент Ибрагим Бубакар Кейта истеъфо бериб, маҳаллий вақт билан 17.00 гача мамлакатни тарк этишини талаб этишган. Улар, “Bamada” портали қайд этишича, давлат раҳбарининг Себеникорода жойлашган қароргоҳини қамал қилишга тайёр туришибди.
Мали Ички хавфсизлик хизмати вазирлигидаги манба “РИА Новости”га қўзғолон тўғрисидаги хабар тарқалиши билан вазиятни ўнглаш мақсадида жанговар навбатчилик ўташ учун захирадан ҳарбийлар жалб этилганини маълум қилди. Айтилишича, қўшимча кучларга омбордан қурол-яроқ тақсимланган.
Умуман, кейинги пайтларда Малидаги ҳолат жуда кескинлашиб, ўткир ички сиёсий инқироз ҳолатига келиб қолган. Мухолифат мамлакат президенти истеъфосини талаб қилиб, вазиятни барқарорлаштириш ёки келишув йўлларини танлашни кескин рад этмоқда.
Интернет материаллари асосида
Ғайрат ХОННАЗАРОВ тайёрлади.