Мактаблардаги ёзги майдончалар мавсумга тайёрми?
Ёзги таътил болалар учун нафақат ҳордиқ чиқариш, балки янги билим ва кўникмаларни эгаллаш, иқтидорини намоён этиш ҳамда мазмунли вақт ўтказиш имконияти. Шу мақсадда мамлакат бўйлаб умумтаълим мактаблари қошида турли йўналишлардаги ёзги соғломлаштириш майдончалари фаолияти йўлга қўйилган.
Жорий йилда республика бўйлаб 1 минг 242 та бепул ёзги соғломлаштириш майдончаси ташкил этилди. Уларда 156 минг 475 нафар болани қамраб олиш режалаштирилган. Бу майдончалар ўқувчиларнинг таътил кунларини қизиқарли ва фойдали машғулотлар билан бойитишга хизмат қилмоқда.
Майдончаларда спорт, санъат ва ахборот технологиялари йўналишларида тўгараклар, маданий-маърифий тадбирлар, интеллектуал ўйинлар ва турли танловлар ташкил этилмоқда. Бу эса болаларнинг жисмоний фаоллигини ошириш, ижодий салоҳиятини ривожлантириш ва янги дўстлар орттириши учун қулай муҳит яратмоқда.
Шунингдек, ёзги соғломлаштириш майдончалари фаолияти педагоглар меҳнати билан ҳам узвий боғлиқ. Майдончалар ташкил этилган мактабларда ўқитувчиларнинг меҳнат таътили тасдиқланган режа-график асосида ташкил этилади. Бунда оромгоҳлар ва майдончалар фаолиятига меҳнат таътилига чиқмаган педагоглар жалб қилиниб, уларга белгиланган тартибда ойлик маошлари тўлиқ тўлаб берилади.
Ёзги соғломлаштириш майдончалари болаларнинг таътил даврини мазмунли ташкил этиш, уларнинг қизиқишларини қўллаб-қувватлаш ва соғлом турмуш тарзини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу каби ташаббуслар ҳар бир боланинг ёзги таътилини унутилмас ва фойдали ўтказишига хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА