Мактабларда замонавий таълим муҳити яратилди
Яқин кунларда Тошкент вилоятидаги учта умумий ўрта таълим мактабида рақамли технологиялар ва замонавий ўқув жиҳозлари билан тўлиқ таъминланган STEM ва инклюзив синфхоналар ўқувчилар ихтиёрига топширилади.
Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ишчи гуруҳи томонидан мазкур таълим муассасаларида амалга оширилган ишлар юзасидан мониторинг ўтказилди. Ўрганишлар Бекобод шаҳридаги 17-сонли, Оққўрғон туманидаги 18-сонли ҳамда Пискент туманидаги 8-сонли умумий ўрта таълим мактабларини қамраб олди.

Мазкур ишлар “Ишонч – 2030” жамғармаси маблағлари ҳисобидан, ЮНИСЕФ ва ЮНЕСКО ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда таълим имкониятларини кенгайтириш: юқори сифатли ва инклюзив таълим натижалари учун АКТ ва рақамли таълимдан фойдаланиш” лойиҳаси доирасида олиб борилмоқда. Унга мувофиқ республика бўйича сараланган 50 та умумий ўрта таълим мактаби қаторига Тошкент вилоятидан ҳам ушбу учта таълим муассасаси киритилган.

Мониторинг давомида мактабларда рақамли инновация (STEM) хоналари ва инклюзив таълим синфларини ташкил этиш ишлари тўлиқ якунлангани қайд этилди. Синфхоналар портатив рақамли қурилмалар, STEM лабораторияси жиҳозлари ҳамда алоҳида таълим эҳтиёжига эга ўқувчилар учун мўлжалланган замонавий ёрдамчи технологиялар билан жиҳозлангани белгиланган тартибда хатловдан ўтказилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур лойиҳа таълим жараёнига рақамли педагогика элементларини кенг жорий этиш, ўқувчилар учун замонавий таълим муҳитини яратиш ҳамда инклюзив таълим имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилади. Бу эса ёш авлоднинг замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаши учун мустаҳкам замин яратади.
А.Мусаев,ЎзА.