Мактабгача таълимда сифат ва самарадорлик
Бугун Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Ислом тараққиёт банки, ЮНИCЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва “Science and innovation” халқаро илмий журнали билан ҳамкорликда “Мактабгача таълимда сифат ва самарадорлик: ривожланиш истиқболлари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.
Конференция Ислом тараққиёт банки томонидан молиялаштирилган “Ўзбекистонда сифатли мактабгача таълим олиш имкониятларини кенгайтириш” лойиҳаси доирасида ташкил этилган.
Ислом тараққиёт банкининг лойиҳаси мактабгача таълим ташкилотларини қуриш ва жиҳозлаш орқали қамровни кенгайтиришга, мавжуд тизимларни мустаҳкамлаш ва салоҳиятни ошириш орқали мактабгача таълим сифатини яхшилашга қаратилган.
Анжумандан кўзланган мақсад мактабгача таълим соҳасидаги мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича илмий-амалий таклифлар ишлаб чиқишдан иборат бўлди.
Шунингдек, у замонавий тенденциялар ва истиқболли йўналишларни муҳокама қилиш ҳамда илғор тажрибаларни алмашишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Иштирокчилар – олий ва профессионал таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, мактабгача таълим муассасалари раҳбарлари ва педагог кадрлар, илмий ходимлар мактабгача таълимга сармоя киритиш болалар баркамол ҳаёти бошланишида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Мактабгача таълим бевосита таълим натижаларига таъсир қилади ва амалиёт кўрсатганидек инвестициялардан энг юқори даромад келтиради.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан сўнгги бир неча йил ичида мактабгача таълим тизимида катта ўзгаришлар бўлди. Айни пайтда 3-6 ёшли икки миллиондан ортиқ болалар мактабгача таълим тизими билан қамраб олинган.
Мактабгача таълимнинг сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Н.Усмонова,
ЎзА