Мактаб сумкасининг бола саломатлиги ва жисмоний ривожланишига таъсири
Сумка танлашда нималарга эътибор бериш керак?
Янги ўқув йили яқин. Ота-оналарнинг зиммасида фарзандлари учун мактаб анжомлари, жумладан, энг керакли буюм — мактаб сумкасини харид қилишдек ширин ташвишлар бор. Бозорлар ва дўконлар ранг-баранг, турфа шаклдаги портфель ва рюкзаклар билан тўла. Ота-оналар кўпинча фарзандининг хоҳишига кўра чиройли ёки арзонроқ маҳсулотни танлашга ҳаракат қилади. Бироқ кўпчилик ташқи кўриниши чиройли бўлган сумканинг бола организми учун қанчалик хавфли ёки фойдали экани ҳақида ўйлаб кўрмаслиги, нотўғри танланган портфель боланинг жисмоний ривожланишига, қадди-қоматига ва умумий саломатлигига жиддий путур етказиши мумкин.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бошланғич синф ўқувчилари учун сумканинг асл оғирлиги 700 граммдан, юқори синф ўқувчилариники эса 1 килограммдан ортиқ бўлмаслиги керак.
– Афсуски, кўплаб ота-оналар бу талабни ҳисобга олмайди. Болаларнинг ўз вазнидан 10-15 фоизидан ортиқ юкни ҳар куни елкасида кўтариб юриши эса оғир салбий оқибатларга олиб келиши мумкин, – дейди Санэпидқўм Тошкент шаҳар бошқармаси Чилонзор тумани бўлими санитария врачи Дилдора Миракбарова. – Айниқса, энди шаклланиб келаётган бола организмига тушадиган ҳаддан ташқари оғирлик сурункали чарчоққа, умуртқа поғонасининг қийшайишига — сколиоз ва лордоз каби хавфли ортопедик касалликларга сабаб бўлади. Нотўғри тақсимланган юк елка ва бел мушакларини бир томонлама зўриқтириб, қон айланишининг бузилишига ва бош оғриқларига ҳам замин яратади.
Ота-оналар кўп ҳолларда сумка танлашда жиддий хатоларга йўл қўяди. Уларнинг энг кенг тарқалган хатоси — портфелнинг оғирлиги ва ҳажмига эмас, балки фақат унинг дизайни, чиройли суратлари ёки арзон нархига эътибор қаратишидир. Кўпчилик ота-оналар “келажакда каттароқ китоблар ҳам бемалол сиғади”, “кейинги йил ҳам ишлатилади“, деган ўй билан боланинг гавдасига нисбатан катта ва ҳажмли сумкаларни сотиб олади. Бу эса боланинг қадди-қоматини нотўғри шакллантириб, елка ва бел мушакларига ортиқча юк туширади. Шунингдек, боланинг хоҳишига кўра кўплаб безаклари бор, сифати кафолатланмаган ва ҳеч қандай ортопедик хусусиятга эга бўлмаган юмшоқ рюкзакларни танлаш ҳам жуда кўп кузатиладиган яна бир хато ҳисобланади.
Шу боис, сумканинг оғирлигидан ташқари унинг анатомик тузилиши ва ўлчамларига ҳам қатъий эътибор қаратиш талаб этилади. Сумканинг ҳажми боланинг гавдасига мос бўлиши, яъни елка чизиғи билан тенг, пастки қисми эса бел чуқурлигида жойлашиши зарур. У белидан пастга осилиб ёки елкадан ошиб кетмаслиги керак. Бундан ташқари, Дилдора Миракбарова таъкидлаганидек, сумканинг боғичлари ингичка ипдан қилинмаслиги ва боланинг елкасига ботмаслиги шарт. Ингичка ва қаттиқ боғичлар елкадаги асаб толаларини ва қон томирларини сиқиб қўйиб, қўлларнинг увушишигача олиб келиши мумкин. Шунинг учун эни кенг, юмшоқ ва анатомик қопламага эга бўлган боғичли ҳамда орқаси махсус қаттиқ қолипли рюкзакларни танлаш мақсадга мувофиқдир.
Яна бир эътибордан четда қолдириб бўлмайдиган жиҳат хомашё сифати ва гигиеник хавфсизликдир. Бозорларда учрайдиган баъзи арзон ва сифатсиз сумкалар кучли ҳамда ўткир кимёвий ҳид чиқаради. Бундай маҳсулотларни тайёрлашда заҳарли бўёқлар ва паст сифатли полимер материаллар ишлатилган бўлади. Бола бундай сумкани кун бўйи ёнида кўтариб юрганида, ундан ажралиб чиқадиган токсик моддалар нафас йўллари орқали турли аллергик реакцияларни, нафас олиш аъзолари хасталикларини келтириб чиқариши мумкин. Шу сабабли маҳсулотнинг экологик тозалиги ва сифат сертификатига эга эканлиги муҳим аҳамият касб этади.
Сифатли мактаб рюкзакларини ишлаб чиқарувчи корхоналар маҳсулотнинг орқа қисмини ҳаво ўтказувчи тўқимали сеткалар билан жиҳозлаши, елка тасмаларини махсус юмшоқ амортизаторлар билан мустаҳкамлаши лозим. Шунингдек, ишлаб чиқарувчилар томонидан маҳсулотнинг тикув сифати, замонавий сув ўтказмайдиган матолардан фойдаланилиши ва энг асосийси, гигиеник хулосалар ҳамда сифат сертификатларининг мавжудлиги таъминланиши шарт. Ишлаб чиқариш жараёнида маҳсулот оғирлигини минимал даражада сақлаган ҳолда мустаҳкамликни оширишга эришиш бугунги кун саноатининг бош вазифаси ҳисобланади.
Шу ўринда, сумканинг ички тузилиши ва бўлинмаларининг тўғри жойлашганлиги ҳам умуртқа соғлиғига бевосита таъсир қилишини унутмаслик лозим. Китоблар, дафтарлар ва оғир жиҳозларнинг сумка ичида тартибсиз сочилиб ётиши марказий оғирлик марказини бузади ва боланинг бир томонга оғиб юришига мажбур қилади. Энг оғир ва катта китоблар ҳар доим орқа деворга энг яқин бўлган асосий бўлинмага, яъни бевосита умуртқа поғонасига тегиб турадиган қисмга жойлаштирилиши керак. Бу тартиб босимни ҳар томонга бир текис тақсимлаб, қоматнинг эгилиб қолишининг олдини олади, шунингдек, боланинг юриш жараёнидаги мувозанатини барқарор сақлайди.
Бундан ташқари, замонавий мактаб рюкзакларини танлашда уларнинг ташқи хавфсизлик элементларига, хусусан, ёруғлик қайтарувчи (светоотражатель) қисмларига эътибор қаратиш айниқса, муҳимдир. Қишки ва кузги мавсумларда кунлар эрта қоронғилашиши, болаларнинг мактабдан қайтиш ёки тўгаракларга бориш жараёни катта йўллар ёки кўча кесишмалари орқали ўтишини ҳисобга олсак, бундай ленталарнинг аҳамияти яққол кўринади. Сумканинг орқа ва ён қисмларида махсус нур қайтарувчи элементларнинг мавжудлиги қоронғи вақтда ҳайдовчилар пиёда болани узоқдан илғаб олишини таъминлайди ҳамда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишда катта ҳимоя воситаси бўлиб хизмат қилади.
Ниҳоят, ота-оналар шуни англаши керакки, энг сифатли ва қимматбаҳо ортопедик сумка сотиб олинган тақдирда ҳам, унинг ичига ортиқча ва кераксиз буюмларни олиб юриш барча ижобий ҳимоя хусусиятларини йўққа чиқаради. Мактаб ўқувчиси ҳар куни фақат ўша кунги жадвалга керак бўлган дарсликлар ва ўқув қуролларинигина олиб юриши лозим. Шунингдек, болалар сумкани доим иккала елкасига ҳам бир хил тақиб юриши шарт, чунки портфелни фақат бир елкага осиб юриш одат тусига кириб қолса, умуртқа поғонасининг бир томонлама қийшайишига ва мушаклар асимметриясига олиб келади. Шундай экан, тўғри танланган сумка ва уни тўғри ишлатиш маданиятини шакллантириш бола жисмоний саломатлигини асрашда муҳим саналади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА