Мактаб қўшимча ўқув биносига эга бўлди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Янги Наманган туманидаги 86-умумтаълим мактабида “Ёшлар куни” тадбирлари доирасида янги ўқув биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Лойиҳа доирасида мактабнинг 420 ўринли асосий биноси капитал таъмирланиб, қўшимча равишда 620 ўринли янги ўқув корпуси барпо этилди. Ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши учун зарур шарт-шароитлар яратилди.
Тадбир давомида мактабдаги тўгараклар фаолияти ҳам кўздан кечирилди. Хусусан, тикувчилик ва робототехника тўгаракларида ўқувчиларнинг ижодий ишлари, амалий машғулотлари ҳамда кичик лойиҳалари намойиш этилди.
Таъкидланганидек, мазкур тўгараклар ёшларнинг қўл меҳнати ва техник билимларини оширишга хизмат қилмоқда. Бу орқали ўқувчиларнинг келгусида касб танлаши ва замонавий билимларни эгаллаши учун кенг имконият яратилмоқда.
[gallery-29396]
Масканда ҳар пайшанба “Ёшлар куни” сифатида кенг нишонланиб, ёшларнинг иқтидори ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган турли тадбирлар ташкил этилмоқда.
Тадбир доирасида ҳунармандлар кўргазмаси ҳам ўтказилди. Унда ўқувчилар ўз қўл меҳнати билан тайёрлаган маҳсулотларини намойиш қилди. Шунингдек, спорт мусобақалари, расм чизиш танловлари ва палов тайёрлаш беллашувлари ташкил этилди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА