Мактаб битирувчилари тақдирланишди
Гулистон шаҳрида 2025–2026-ўқув йилини аъло натижалар билан якунлаган умумтаълим мактаблари битирувчиларига олтин ва кумуш медаллар тантанали равишда топширилди. Шаҳар ҳокимлигида ўтказилган тадбирда 37 нафар битирувчи олтин, 5 нафари эса кумуш медаль билан тақдирланди.
Тантанали маросимда Гулистон шаҳри ҳокими ўринбосарлари Дилмурод Тошбоев ва Азизахон Пайзиева иштирок этиб, битирувчиларни эришган ютуқлари билан табриклади. Таъкидланганидек, мамлакатимизда таълим соҳасини ислоҳ қилиш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва улар учун кенг имкониятлар яратишга қаратилган давлат сиёсати ўзининг амалий самарасини бермоқда.

Тадбирда сўз олган битирувчилар ва уларнинг ота-оналари ҳам ёшларга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик, замонавий таълим муҳити ҳамда иқтидорни рўёбга чиқаришга қаратилган имкониятлар юқори натижаларга эришишда муҳим омил бўлаётганини таъкидлашди.


Маълум қилинишича, жорий ўқув йилида Гулистон шаҳри умумтаълим мактабларининг 9-синфларини 2015 нафар, 11-синфларини эса 1734 нафар ўқувчи битирди. Уларнинг 42 нафари барча фанларни аъло ўзлаштириб, давлат мукофотига муносиб деб топилди.

Битирувчиларнинг таълимдаги фаоллиги халқаро ва миллий сертификатлар натижаларида ҳам намоён бўлди. Хусусан, 615 нафар ўқувчи жами 950 та миллий ва халқаро сертификатни қўлга киритган. Шунингдек, 15 нафар битирувчи мактабни тамомлашидан аввал хорижий олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири