Маҳаллий кенгашлар фаолияти таҳлил қилинди
Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Баҳром Абдуллаев Самарқанд вилоятида бўлиб, ҳудудда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, давлат ва ҳудудий дастурлар, Президент фармон ва қарорлари, Сенат қабул қилаётган ҳужжатлар ижроси билан танишди.
Самарқанд шаҳри, Жомбой ва Оқдарё туманларида ҳудудлар раҳбарлари, аҳоли вакиллари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари билан учрашувларда парламент юқори палатасининг ўн бешинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилган масалалар ҳақида маълумот берилиб, уларнинг ҳудудлари тараққиёти ва аҳоли фаровонлигини оширишдаги аҳамиятига эътибор қаратилди. Учрашувларда, шунингдек, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш, ижтимоий соҳа муассасаларида аҳоли учун муносиб шароит яратиш, ҳудудий дастурлар ижросида маҳаллий кенгашлар ролини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Шундан сўнг Сенат қўмитаси раиси ўринбосари иштирокида халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари котибиятлари ва депутатлари иштирокида маҳаллий Кенгашларнинг жорий йилги фаолиятига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда жорий йилдан ижро ҳокимиятидан мустақил тарзда иш олиб маҳаллий Кенгашлар томонидан амалга оширилаётган ишлар атрофлича таҳлил қилиниб, эришилган натижалар билан бир қаторда мавжуд камчилик ва муаммолар муҳокама қилинди.

Сенатор Б.Абдуллаев кенгашлар фаолиятида депутатлик назоратини кучайтириш, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини ошириш ҳамда ҳудудларни ривожлантиришга қаратилган қарорлар ижросини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Таъкидланганидек, маҳаллий Кенгашларнинг асосий вазифаси – аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳудудлардаги долзарб муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва уларнинг ечими юзасидан самарали парламент ва депутатлик назоратини амалга оширишдан иборат.

Йиғилиш давомида қайд этилган камчиликларни бартараф этиш, депутатлик фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда Кенгашлар ишини янги босқичга олиб чиқиш бўйича тегишли тавсия ва топшириқлар берилди.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари