Маҳаллаларда хавфсиз муҳитни таъминлаш бўйича «пойтахт намунаси» яратилади
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Тошкент шаҳри, хусусан, Сергели туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни таъминлаш бўйича «пойтахт намунаси»ни яратиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Пойтахт туманларига республика даражасидаги раҳбарлар бириктирилгани тизимли ишларни ташкил этишда ўз натижасини бераётгани алоҳида таъкидланди.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган олти ойида олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар сони сезиларли даражада камайди. Шаҳардаги 230 та маҳаллада умуман жиноят содир этилмаган бўлса, 332 та маҳаллада жиноятчилик кўрсаткичи кескин қисқарди. Криминоген вазияти ташвишли бўлган маҳаллалар сони эса 60 тадан 23 тага тушди. Бу кўрсаткичлар шаҳарда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича жорий этилган янги ёндашувлар амалда самара бераётганидан далолат беради.
Сергели туманида ҳам хавфсиз муҳит яратиш борасида ижобий натижалар қайд этилди. Туманда криминоген вазияти оғир деб баҳоланган 29 та маҳалла «яшил» тоифага ўтди, 17 та маҳаллада эса бирорта ҳам жиноят содир этилмади. Сергели бу борада Тошкент шаҳри туманлари орасида энг яхши натижалардан бирини кўрсатгани эътироф этилди.
Давлатимиз раҳбари Ўзгариш маҳалласидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича тўпланган ижобий тажрибани кенг оммалаштириш, тумандаги қолган 46 та маҳаллани ҳам қисқа муддатда «яшил» тоифага ўтказиш юзасидан вазифаларни белгилади. Шунингдек, яширин иқтисодиётни қисқартириш ҳамда ёшлар билан тизимли ишлаш бўйича янги ёндашувларни ҳаётга жорий этиш юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.
Йиғилишда ҳокимлар ва масъулларнинг ахбороти тингланди.
ЎзА