Маҳалладан халқаро майдонгача: спорт тараққиётининг янги босқичи
Муносабат

Ўзбекистонда спорт фақат мусобақалар ёки рекордлар билан боғлиқ соҳа эмас, балки у инсон саломатлиги, ёшлар тарбияси, жамият фаоллиги ва ҳатто мамлакат нуфузини белгилаб берадиган муҳим ижтимоий кучга айланмоқда.
Кеча Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жисмоний тарбия ва спорт соҳасини янги босқичга олиб чиқиш, аҳолини оммавий спортга кенг жалб этиш, селекция ва тайёргарлик тизимини такомиллаштириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, спорт бу соғлом турмуш тарзи, интизом, ватанпарварлик ва юрт шарафини намоён этадиган улкан кучдир.
Охирги йилларда бу соҳага бўлган эътибор тубдан ўзгарди. Илгари спорт кўпроқ алоҳида гуруҳлар фаолияти сифатида қаралган бўлса, бугун у бутун жамиятни қамраб олувчи ҳаракатга айланиб бормоқда. Шу боис кейинги йилларда мамлакат бўйлаб спорт инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Бу рақамларда ҳам, ҳаётда ҳам яққол намоён бўлмоқда. Масалан, 1,5 мингдан ортиқ маҳаллада 1774 та замонавий спорт майдончаси барпо этилди. Бу шунчаки рақам эмас бу минглаб ёшлар учун янги имконият, соғлом турмуш сари қадам, ўз қобилиятини намоён қилиш майдонидир.
Бундан ташқари, жойларда 200 дан ортиқ йирик спорт иншоотлари қурилди, 4 мингга яқин хусусий спорт клублари фаолият бошлади. Бу эса спорт соҳасида давлат билан бир қаторда хусусий сектор ҳам фаол иштирок этаётганини кўрсатади.
Энг муҳими, бу ўзгаришлар натижасиз қолмади. Юртимизда профессионал спорт билан шуғулланаётган ёшлар сони икки баробарга ошди. Олимпия ва паралимпия жамоалари таркиби кенгайди. Бу эса мамлакатнинг келажакдаги спорт салоҳияти мустаҳкамланаётганидан далолат беради.
Ўзбекистон спортчилари халқаро ареналарда ҳам муносиб натижаларни қўлга киритмоқда. Биргина ўтган йилнинг ўзида юртимиз вакиллари 400 дан ортиқ олтин, юзлаб кумуш ва бронза медалларини қўлга киритди. Уларнинг кўпчилиги жаҳон ва Осиё рекордларини янгилади.
Ушбу ютуқлар оддий статистика эмас. Улар – ҳар бир юртдош қалбида фахр туйғусини уйғотадиган, байроғимизни халқаро майдонларда баланд кўтарган ғалабалардир.
Шу билан бирга, барча ҳудудларда вазият бир хил эмас. Айрим туман ва вилоятларда спортни ривожлантириш бўйича ибратли ишлар амалга оширилаётган бўлса, бошқа жойларда бу масалага етарлича эътибор берилмаётгани танқид қилинмоқда.
Жиззах вилоятининг Зарбдор тумани бу борада ўзига хос намуна бўла олди. Бу ерда ўтган йилнинг ўзида 34 минг ёш оммавий спортга жалб этилди. Янги спорт заллари қурилди, замонавий майдонлар барпо этилди, хусусий тадбиркорлар билан ҳамкорликда қатор лойиҳалар амалга оширилди.
Натижада бу туман илк бор республика чемпионатларига мезбонлик қилиш даражасига чиқди. Бу эса тўғри ёндашув ва масъулият натижаси эканини кўрсатади.
Бироқ айрим ҳудудларда бугун ҳам спортга нисбатан бефарқлик ҳолатлари учрамоқда. Бу эса умумий натижага салбий таъсир кўрсатади. Соҳадаги асосий муаммолардан бири формаллик. Айрим мактабларда спорт тўгараклари “номига” ташкил этилган. Болалар қатнашмайди, машғулотлар самара бермайди.
Яна бир муаммо иқтидорли ёшларни аниқлаш тизими етарлича ишламаётгани. Кўп ҳолларда спорт мактаблари ўзлари ёшларни излаб топиш ўрнига, тайёр спортчиларни кутиб ўтирмоқда. Шунингдек, айрим университетларда талабаларнинг катта қисми жисмоний нормативларни бажара олмаётгани бу соҳада тизимли муаммолар борлигини кўрсатади.
Бугунги кунда спортга ёндашув мутлақо ўзгармоқда. Энди асосий эътибор фақат профессионал спортга эмас, балки оммавий спортга қаратилмоқда. “Маҳалла – мактаб – спорт муассасаси – федерация” занжири жорий этилиши орқали аҳолини, айниқса ёшларни спортга кенг жалб қилиш кўзда тутилган.
Яна бир муҳим янгилик спорт натижадорлигини энди фақат иштирокчилар сони билан эмас, балки аҳоли саломатлиги орқали баҳолаш режалаштирилмоқда. Яъни қайси ҳудудда одамлар кўпроқ соғлом бўлса, ўша ерда спорт тизими самарали деб баҳоланади. Бу эса мутлақо янги ва замонавий ёндашувдир.
Қолаверса, бугун спорт нафақат ижтимоий, балки иқтисодий ресурс сифатида ҳам қаралмоқда. Тўғри ташкил этилган спорт тадбирлари катта даромад манбаига айланиши мумкин.
Масалан, футбол ўйинларини қулай вақтда ташкил қилиш, стадион атрофида қўшимча хизматлар яратиш, мухлислар учун шароитларни яхшилаш орқали клублар даромадини бир неча баробар ошириш мумкин. Бу эса спортни иқтисодиётнинг фаол тармоқларидан бирига айлантириш имконини беради.
Умуман олганда, Ўзбекистонда спорт энди фақат ғалабалар майдони эмас, у жамиятнинг соғлом фикри, соғлом танаси ва соғлом келажагини шакллантираётган ҳаётий кучга айланмоқда. Энг муҳими, бу жараён энди фақат спортчилар ёки мутахассислар доирасида эмас, балки ҳар бир маҳалла, ҳар бир оила ва ҳар бир инсон ҳаётига кириб бормоқда.
Албатта, олдимизда ечимини кутаётган муаммолар ҳам кам эмас. Лекин энг муҳими соҳада аниқ мақсад, сиёсий ирода ва тизимли ёндашув шаклланди. Демак, натижа ҳам шунга яраша бўлади.
Эндиликда асосий масала бошланган ислоҳотларни чуқурлаштириш ва уларни ҳар бир ҳудуд, ҳар бир таълим муассасаси ва ҳар бир инсон ҳаётига сингдиришдир. Чунки соғлом жамият бу шунчаки шиор эмас, балки ҳар кунлик ҳаракат ва онгли танлов натижасидир.
Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси.
ЎзА