Маҳалла тизими: натижалар, муаммолар ва устувор вазифалар муҳокама этилди
Маҳалла тизимини янада мустаҳкамлаш, унинг самарадорлигини оширишга қаратилган ишлар Республика маҳаллани қўллаб-қувватлаш Кенгашининг навбатдаги йиғилишида муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, сўнгги йилларда маҳалла институтини ислоҳ қилиш, унинг институционал салоҳиятини ошириш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда мамлакатдаги 8 минг 992 та маҳаллада 55 мингдан ортиқ “маҳалла еттилиги” аъзоси фаолият юритмоқда.
Йиғилишда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йили Давлат дастурининг 2026 йил биринчи чорагидаги ижроси кўриб чиқилди. Унда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси, Республика маҳаллани қўллаб-қувватлаш Кенгаши раисининг ўринбосари Қаҳрамон Қуронбоев маҳалла институтининг жамият ҳаётидаги ўрни тобора ортиб бораётганини таъкидлади.
[gallery-28569]
Тадбирда вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда тегишли ташкилотлар раҳбарлари иштирок этиб, амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот берди. Ҳудудлардан масъуллар масофавий тарзда қатнашди.
Муҳокамалар давомида аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий профилактика самарадорлигини ошириш, маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш, оилавий ажримларнинг олдини олиш масалалари танқидий-таҳлилий руҳда кўриб чиқилди. Шунингдек, ер ва мол-мулк солиқларини ундириш, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий хизматлар сифатини ошириш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилишда ёшлар масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш юзасидан таклифлар билдирилди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг биринчи чорагида 460 мингдан ортиқ ишсиз фуқаронинг 42 фоизи иш билан таъминланди, 728 та маҳалла ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантирилди. Шунингдек, 23,5 мингдан зиёд камбағал оила рўйхатдан чиқарилиб, 312 та маҳалла камбағалликдан ҳоли ҳудуд сифатида шакллантирилди.
“Рақамли маҳалла” платформаси орқали аҳоли бандлиги доимий мониторинг қилиб борилди. Томорқалардан самарали фойдаланиш натижасида юз минглаб гектар ер майдонларида экин экилиши таъминланди.
Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида ҳам натижаларга эришилиб, 7 минг 800 та маҳалла жиноятчиликдан, 4 минг 595 та маҳалла оилавий ажримлардан ҳоли ҳудудга айлантирилди.
Йиғилиш якунида мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, масъулларга аниқ топшириқлар берилди.
Камола Юсупова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА