Маҳалла еттилигининг вазифалари қандай?
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 21 декабардаги "Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонида маҳаллабай ишлашга масъул бўлган шахслар фаолияти кўрсатиб ўтилган.
Тошкент давлат юридик институти Юридик клиникаси ходими Имомали Туев бу борада қуйидагиларни маълум қилди:
– Маҳалланинг жамият ҳаётидаги ўрнини ошириш ҳамда соҳада бошқарув тизимини такомиллаштириш мақсадида маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспектори жамоатчилик асосида фаолият юритадиган “маҳалла еттилиги”ни ташкил қилади.
Маҳалла “еттилиги” тизими давлатимиз раҳбари топшириғи билан ташкил этилган бўлиб, ҳар бир аъзонинг маҳалладаги ҳаётни яхшилашга қаратилган муҳим вазифалари мавжуд.
Хусусан, маҳалла раисининг вазифаси эҳтиёжманд оилаларга уй-жойини яхшилашга кўмаклашиш, маҳалланинг умумий аҳволини назорат қилиш, ҳоким ёрдамчисининг вазифаси ишсиз фуқароларга иш топишда ёрдам кўрсатиш, бандлик масалаларини ҳал қилиш, ёшлар етакчиси ёшларни спорт, мусиқа ва турли тўгаракларга жалб қилиш орқали бўш вақтни мазмунли ўтказишни таъминлаши лозим.
Хотин-қизлар фаоли аёлларни тадбиркорлик, касаначилик ва ҳунармандчиликка жалб қилиш орқали уларнинг иқтисодий аҳволини яхшилашга хизмат қилса, профилактика инспектори маҳаллада ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлайди.
Шунингдек, солиқ ходими солиқ базасини кенгайтириш, тадбиркорлик фаолиятини қонунийлаштириш ва ўзини ўзи банд қилганларни кичик бизнес тоифасига ўтказишга кўмаклашади. Ижтимоий ходим эса ёлғиз кексалар, ногиронлар ва бошқа муҳтожларга ижтимоий хизмат кўрсатиш билан шуғулланади.
Маҳалла “еттилиги”нинг асосий мақсади фуқароларга манзилли ёрдам кўрсатиш ва маҳаллада ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлашдир.
Гулноза Бобоева, ЎзА