Маҳалла аҳолиси мурожаатлари ўрганилди
Миллий гвардия ташаббуси ва мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида маҳаллада ободонлаштириш, хавфсизликни таъминлаш, аҳоли мурожаатларини ўрганиш ҳамда ёшлар маънавиятини юксалтиришга қаратилган қатор тадбирлар амалга оширилди.
Юнусобод туманидаги Янги тарнов маҳалласида амалга оширилган кенг қамровли ишлар ҳудуд аҳолиси ҳаётида муҳим ўзгаришларга сабаб бўлмоқда.

Аввало, маҳалла ҳудудида аҳоли учун муносиб ва қулай яшаш муҳитини яратиш мақсадида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари олиб борилди.
Маҳалла аҳолиси томонидан билдирилаётган ижобий фикрлар олиб борилаётган ишлар самарасининг яққол тасдиғидир.

— “Узоқ йиллардан бери таъмирталаб аҳволга келиб қолган айрим жойлар тартибга келтирилиб, чиқиндилар тозаланди, ҳудуднинг умумий қиёфаси яхшиланди, — дейди маҳалла раиси Зокиржон Турсунов. — Болалар ва ёшларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун маҳалладаги футбол ҳамда ўйин майдончалари ҳам тўлиқ таъмирланди. Энди маҳалла ёшлари бўш вақтларини хавфсиз ва замонавий шароитларда спорт билан шуғулланган ҳолда ўтказиш имкониятига эга бўлмоқда.

Амалга оширилаётган ишлар доирасида аҳоли билан очиқ мулоқотни таъминлаш мақсадида сайёр қабул ҳам ташкил этилди. Шу билан бирга, саломатликни тиклаш бўйича қилинган айрим мурожаатлар Миллий гвардия раҳбарияти томонидан алоҳида назоратга олиниб, мутахассис шифокорлар ёрдамида зарур тиббий кўмак ташкил этилиши белгиланди. Кўплаб мурожаатлар эса мутасаддилар томонидан шу жойнинг ўзида ижобий ҳал этилди. Миллий гвардия ишчи гуруҳи томонидан фуқароларнинг мурожаат ва таклифлари атрофлича ўрганилиб, долзарб муаммоларни ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Н.Раҳмонова,
ЎзА