Магистратура қабули бўйича айрим аризалар рад этилган
2026/2027-ўқув йили учун давлат олий таълим ташкилотлари магистратурасига қабул бўйича my.edu.uz электрон тизими орқали онлайн рўйхатдан ўтган талабгорларнинг аризалари кўриб чиқилди.
Кўриб чиқиш натижасида айрим аризалар турли сабаблар, жумладан, танланган мутахассислик битирувчининг таълим йўналиши бўйича мос ёки турдош эмаслиги, хорижий тилни билиш бўйича сертификат, шунингдек, SАT сертификати тасдиқланмаган ёки белгиланган даражада бўлмаган, сўралган ҳужжат ўрнига бошқа ҳужжат юкланган ёки тўлиқ юкланмаган, хорижий тилдаги таълим дастурини якунлагани тасдиқланмаган, ҳужжатлар сифатсизлиги ҳамда бошқа сабабларга кўра рад этилган.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, аризаси юқоридаги каби камчиликлар сабабли рад этилган талабгорларга 2026 йил 26 август куни соат 14:00 га қадар my.edu.uz электрон тизими орқали аризаларини қайта таҳрирлаш ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш имконияти берилади. 26 август куни соат 14:00 дан сўнг аризаларни таҳрирлаш имконияти берилмайди. Аниқланган камчиликлар ўз вақтида бартараф этилмаган аризалар кўриб чиқилмайди.
Қайд этилишича, хорижий тилни билиш даражаси бўйича талаб этилган миллий ёки халқаро сертификатга эга эмаслиги ёхуд мавжуд сертификат талаб даражасига жавоб бермагани сабабли рад этилган аризаларни қайта таҳрирлаш тавсия этилмайди. Бундай ҳолатда қайта таҳрирланган аризалар ҳам кўриб чиқилмайди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА