Магистрантлар халқаро тажриба алмашинувида иштирок этмоқда
Айни кунларда Навоий давлат университетининг Рус тили ва адабиёти мутахассислиги 2-босқич магистрантлари Беларусь Республикасидаги Полоцк давлат университетида “1+1” қўшма таълим дастури доирасида малака ва тажриба алмашмоқда.
Университет ахборот хизматининг маълум қилишича, магистрантларга университет Регистратор офиси директори, доцент Дилором Шамсиева раҳбарлик қилмоқда.
Ташриф доирасида ташкил этилган учрашувлардан сўнг магистрантлар учун рус тили ўқитувчилари иштирокида мастер-класс ўтказилди.

– Тадбирда масофавий таълим жараёнида кенг қўлланилаётган Moodle платформасидан самарали фойдаланиш, шунингдек, замонавий электрон ўқув-услубий мажмуаларни яратиш бўйича амалий тажрибалар намойиш этилди, – дейди Д.Шамсиева. – Магистрантлар университетнинг таълим жараёни, илмий-тадқиқот лабораториялари, ахборот-ресурс маркази ҳамда музей фаолияти билан яқиндан танишди. Шу билан бирга, улар беларуслик талабаларнинг диплом ишлари ҳимояси жараёнида иштирок этиб, халқаро академик муҳит ва илғор таълим тажрибаларини ўрганиш имкониятига эга бўлди.


Албатта, бу каби халқаро ҳамкорлик дастурлари ёш тадқиқотчиларнинг касбий салоҳиятини ошириш, илмий изланишлар кўламини кенгайтириш ва таълим сифатини янада юксалтиришга хизмат қилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири