Маданият вазирлигида ижро интизомига оид республика семинари ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигида давлат бошқарувида ижро интизомини янги босқичга олиб чиқиш, топшириқлар ижросини тизимли назорат қилиш ва самарадорликни ошириш масалаларига бағишланган республика ўқув-амалий семинари ўтказилди.
Ҳисоб палатаси ҳамда Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур семинар вазирлик тизимида ижро интизомини мустаҳкамлаш, назорат механизмларини такомиллаштириш ҳамда масъулиятни оширишга оид муҳим амалий платформа сифатида хизмат қилди.
Тадбирда маданият вазири ўринбосари С.Бобожонов, Ҳисоб палатаси ва Адлия вазирлигининг масъул вакиллари, шунингдек, вазирлик марказий аппарати, тизим ташкилотлари ҳамда ҳудудий бошқармаларнинг раҳбар ва мутахассислари иштирок этди.
Таъкидланганидек, ижро интизоми давлат бошқаруви самарадорлигини белгиловчи асосий омиллардан бири бўлиб, Президент томонидан белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш ҳар бир раҳбарнинг устувор вазифаси ҳисобланади.
Семинар давомида топшириқлар ижроси устидан самарали назоратни ташкил этиш, “Ijro.gov.uz” ахборот тизимидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, ижро жараёнларини мониторинг қилиш ҳамда назорат тадбирларида аниқланаётган тизимли камчиликларни бартараф этиш бўйича амалий ёндашувлар муҳокама қилинди.
Маълумотларга кўра, 2026 йилнинг биринчи ярмида Маданият вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатларида белгиланган 875 та топшириқ, Президент Администрацияси топшириқларидаги 338 та ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 432 та топшириқ ижроси таъминланган.
Жорий йилнинг иккинчи ярмида эса Президент ҳужжатларидаги 771 та, Президент Администрацияси раҳбарининг 143 та ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 463 та топшириқлар ижросини таъминлаш белгиланган. Хусусан, август ойида Президент ҳужжатларидаги 71 та, Президент Администрацияси раҳбарининг 33 та ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 71 та топшириқ ижроси таъминланиши режалаштирилган.
Шу билан бирга, жорий йил давомида вазирликка 22 мингга яқин ҳужжат келиб тушгани, бу ўтган йилга нисбатан қарийб 4 мингтага кўп экани қайд этилди. Мазкур ҳужжатлар асосида марказий аппарат таркибий бўлинмаларига 14 минг 250 та топшириқ бириктирилган.
Семинар доирасида Ҳисоб палатаси томонидан назорат тадбирларида аниқланаётган камчиликлар ва уларнинг сабаблари, шунингдек, уларни бартараф этиш механизмлари юзасидан амалий тақдимотлар ўтказилди. Адлия вазирлиги мутахассислари эса норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини самарали ташкил этиш ҳамда қонунчилик талабларини амалиётга тўғри татбиқ этиш бўйича тавсиялар берди.
Семинар якунида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш, топшириқлар ижросини қатъий назорат қилиш ҳамда вазирликлараро ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган устувор вазифалар белгилаб олинди.
Мазкур семинар давлат бошқарувида ижро интизомини мустаҳкамлаш ва самарадорликни ошириш йўлида муҳим амалий қадам сифатида баҳоланмоқда.
Н.Усмонова, ЎзА