Маданият муассасаларининг техник имкониятлари кенгайди
Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида маданият муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 105 миллион сўм маблағ ажратилди. Ушбу маблағ ҳисобидан маданият марказлари 3 та замонавий овоз кучайтириш ускуналари мажмуаси ҳамда 10 турдаги 65 дона саҳна ва байрам либослари билан таъминланди.
Шунингдек, туман Маданият бўлимининг фаоллар зали ва хизмат йўлаклари янги гиламлар билан жиҳозланди. Бу янгиланишлар маданият муассасаларининг техник салоҳиятини мустаҳкамлаб, оммавий тадбирларни янада юксак савияда ташкил этиш имконини кенгайтирди.

— Илгари маданият соҳасида айрим муаммолар мавжуд эди. Бу, айниқса, туман миқёсида ўтказиладиган оммавий маданий-маърифий тадбирларда яққол сезиларди. Туман ҳокимининг ташаббуси билан маданият бўлими учун зарур замонавий овоз кучайтириш ускуналари ва саҳна либослари харид қилиниши техник имкониятларимизни сезиларли даражада кенгайтирди. Энди концерт дастурлари, театрлаштирилган томошалар, фестиваллар ва бошқа оммавий тадбирларни замонавий талаблар асосида, юқори бадиий савияда ташкил этиш имконига эгамиз. Энг муҳими, янги саҳна либослари байрам тадбирларига ўзига хос кўрк ва нафосат бағишлайди, — дейди Сардоба тумани Маданият бўлими бошлиғи Машҳура Бобожонова.


Мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасини қўллаб-қувватлаш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилган ишлар ҳудудларда ҳам изчил давом этмоқда. Сардобада амалга оширилган мазкур янгиланишлар ижодий жамоаларнинг имкониятларини кенгайтириб, маданий-маърифий тадбирларни юқори савияда ташкил этиш, аҳолига кўрсатилаётган маданий хизматлар сифати ва самарадорлигини янада ошириш учун мустаҳкам замин яратди.


— Олдимизда энг улуғ ва энг қутлуғ байрам — Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган кенг кўламли маданий-маърифий тадбирлар турибди. Шу боис туман маданият бўлимига тақдим этилган замонавий овоз кучайтириш ускуналари ва янги саҳна либослари биз учун айни муддао бўлди. Бу эътибор барчамизни янада руҳлантирди. Энди байрам тадбирларини юксак савияда, халқимизга муносиб тарзда ўтказиш учун бор куч ва маҳоратимизни сафарбар этамиз, — дейди Машҳура Бобожонова.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири