Маданий ёдгорликлар тарихимиз кўзгусидир
18 апрель – Халқаро ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш куни
Қадим ва тарихий обида ва маданий ёдгорликлар ўтмишни ўзида мужассам этган миллий қадриятларимиз намунаси, халқимизнинг бебаҳо мулки ҳисобланади. Шу боис, уларни ўрганиш, муҳофаза қилиш, келажак авлодга бус-бутун етказиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бу борада Андижон вилоятида ҳам эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда.
– Айни кунда вилоятимизда маҳаллий, республика аҳамиятига молик 422 та тарихий ва маданий мерос объекти рўйхатга олинган, – дейди Андижон вилояти маданий мерос бошқармаси бошлиғи Абдушояд Ҳамидов. – Улардан 221 таси археологик, 74 таси меъморий ёдгорликлар, 42 таси монументал санъат ёдгорликлари, 85 таси диққатга сазовор жойлар ва зиёратгоҳлардир. Маданий мерос объектларининг 400 таси давлат, 22 таси хусусий мулк сифатида рўйхатдан ўтказилган. Бундан ташқари, бир қатор объектлар, уларга туташ ҳудудлар ободонлаштириш, сақлаш бўйича инвестиция киритиш мажбурияти билан тадбиркорлик субъектларига ижарага берилган.
Бугунги кунга келиб, мавжуд тарихий обида ва маданий ёдгорликларни асраб-авайлаш, ободонлаштириш ишлари белгиланган чора-тадбир, режалар асосида амалга оширилмоқда. Жумладан, мутахассислар иштирокида вилоятдаги маданий мерос объектлари рўйхати шакллантирилиб, уларнинг электрон маълумотлар базаси яратилди.
Андижон вилояти маданий мерос бошқармаси томонидан мавжуд 422 та маданий мерос объектининг муҳофаза ҳудудларини белгилаш бўйича лойиҳалар тайёрланиб, Агентликка тақдим этилди. Барча маданий мерос объектларига муҳофаза белгилари ўрнатилди. Айрим объектлардаги эскирган муҳофаза белгиларини янгилаш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.
Соҳада ўтказилган таҳлиллар, ўрганишлар маданий мерос объектларини инвентаризациядан ўтказиш, уларнинг чегараларини белгилаш, муҳофаза ва реставрация қилиш борасида қилинадиган ишлар кўп.
Ана шундан келиб чиқиб, вилоят маданий мерос бошқармаси, вилоят прокуратураси, туман, шаҳар ҳокимликлари ҳамда мутасадди ташкилотлар вакилларидан тузилган комиссия томонидан Андижон шаҳри, Асака, Шаҳрихон, Балиқчи, Марҳамат, Қўрғонтепа туманларидаги қатор объектларда тарихий-маданий экспертиза ўтказилди, улардан фойдаланиш ҳолати ўрганилди.
Ўрганишлар натижасида айрим маданий мерос объектларидан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши, ноқонуний қурилмалар қуриб олиниши сингари ҳолатлар аниқланди. Қонунбузилиш ҳолатларини содир этган шахслар ҳамда мутасаддига нисбатан қонуний чора кўриш учун ўтган йили туман, шаҳар судларига 4 та даъво аризаси киритилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан, Андижон шаҳридаги “Қаъла”, “Хитой консулхонаси” сингари қатор маданий ва тарихий ёдгорликларда қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Халқимиз, миллий давлатчилигимиз тарихини ўзида акс эттирувчи, келажак авлодларга мозийдан хабар берувчи зиёратгоҳ, археологик ёдгорликларни, тарихий ва маданий обидаларни асраб-авайлаш, ободонлаштириш, уларга янги ҳаёт бахш этишга қаратилган юқоридаги каби ишлар вилоятдаги қатор зиёратгоҳларда ҳам олиб борилмоқда.
Жумладан, кейинги йилларда Жалақудуқ туманидаги “Қутайба Ибн Муслим”, Хўжаобод туманидаги “Имом ота”, Қўрғонтепа туманидаги “Биби сешанба”, Хонобод шаҳридаги “Фозилмон ота”, Булоқбоши туманидаги “Ширмонбулоқ” зиёратгоҳларида, Андижон шаҳридаги “Жоме” меъморий мажмуаси, “Нодирабегим”, Алишер Навоий маданият ва истироҳат боғларида, “Арк ичи” ёдгорлик музейида қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган “Дафн этиш жойларини сақлаш, улардан фойдаланиш ва қабр усти ёдгорликларини ўрнатиш тартиби тўғрисида”ги Низомининг 53-бандида маданий мерос объектлари (археологик обидалар) ва уларнинг муҳофаза зоналари ҳудудларидан қабристон учун ер участкаси ажратиш тақиқланиши кўрсатиб ўтилган.
[gallery-28820]
Бироқ, бугунги кунда вилоятдаги 221 та археология ёдгорлигининг 60 таси ҳудудларидан қабристон сифатида фойдаланиб келинмоқда. Бундан ташқари, 50 дан ортиқ археология ёдгорлигининг муҳофаза ҳудудларидан қишлоқ хўжалиги мақсадларида фойдаланилаётганлиги ачинарлидир. Бу каби салбий ҳолатлар ёдгорликларга зиён етказмоқда, уларнинг тарихий аҳамияти йўқолишига олиб келмоқда.
Андижон вилояти маданий мерос бошқармаси томонидан вилоят, туман, шаҳар ҳокимликлари, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда салбий ҳолатларни бартараф этиш бўйича зарур ишлар олиб борилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, тарихий обида ва маданий ёдгорликлар қадим тарихимиз кўзгуси сифатида юртдошларимиз қалбида она юртга муҳаббат, қадим ўтмишимиздан фахр-ифтихор туйғусини мустаҳкамлашга, ёш авлодни тарихимизга, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари.