Маданий мерос муҳофазасига ажратилаётган маблағлар етарли эмаслиги айтилди
Маданий мерос объектлари юртимизнинг ташриф қоғозига айланган, аждодларимиздан мерос муҳим бойлигимиздир. Уларни асраб-авайлаш долзарб аҳамиятга эга.
Бу борада 2025 йилда маданий мерос объектлари муҳофазаси учун жами 125 млрд. сўм бюджет маблағи ажратилган. Мазкур маблағлар ҳисобидан 60 та маданий мерос объектида реставрация ва таъмирлаш ишларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Аммо Маданий мерос агентлиги вакилига кўра, бу маблағлар етарли эмас. Чунки, авария ҳолатидаги объектлар реставрацияси учун катта маблағ талаб этилади. Давлат дастурида эса 60 та объект назарда тутилгани боис кичик, камхаржроқ объектларни танлаб олишга мажбур бўлинади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2025 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот муҳокама қилинар экан, депутатлар партия дастуридан келиб чиққан ҳолда маданий мерос, маданият марказлари ва таълим соҳасидаги ишларга алоҳида эътибор қаратди.
— Фракция аъзоларининг жойлардаги ўрганишлари давомида кўплаб маданий мерос объектлари таъмирталаб аҳволда эканлигига гувоҳ бўлиняпти, — деди фракция раҳбари Алишер Қодиров. — Ҳақиқатан ҳам маданий мерос объектларини таъмирлаш, тиклаш, реставрация қилиш ишлари катта маблағларни талаб этади. Шундай экан, йил бошида Давлат бюджетини шакллантириш пайтида Маданий мерос агентлиги ушбу мақсадлар учун қанча маблағ кераклиги, қайси объектда қандай ишлар ташкил қилиниши ҳақида таклифлар бериши керак. ЎзМТДП маданий мерос объектлари муҳофазасини доим қўллаб-қувватлаб келади. Бу борада агентлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаган ҳолда бой меросимизни сақлашга эътибор қаратади, — деди А.Қодиров.
Шунингдек, муҳокамаларда депутат Азамат Пардаев ўтган йили маданият саройларини сақлаш ва таъмирлаш учун 400 млрд. сўм ажратилгани, лекин унинг самараси кўринмаётганини таъкидлади. Ҳудудлардаги ўрганишларда аксарият маданият саройлари таъмирталаб ҳолатга келиб қолганини билдирди.

Шунингдек, депутатлар “Тирик тарих” дастури доирасида 2025 йилда нечта тарихий фильм топширилгани билан қизиқди. Бунга жавобан Кинематография агентлиги вакили тарихий кино олиш 1,5-2 йил муддатни талаб қилишини айтиб ўтди. Ушбу мақсад учун 250 млрд. сўм бюджет маблағи ажратилгани, 70 млрд. сўми сарфлангани, 11 та фильм топширилганини маълум қилди.
Фракция аъзолари ўзлаштирилган сумма жуда камлигини, тарихий фильм ғояси учун етарлича мавзуларимиз, бой тарихимиз борлигини таъкидлаб, ватанпарвар ёшларни тарбиялашда тарихий фильмларнинг ўрни муҳим эканлигини қайд этди. Бунда Кинематография агентлиги ташаббускор бўлиши лозимлиги айтилди.
Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2025 йилдаги ижроси муҳокамаларида яна бир қатор саволлар ўртага ташланиб, тегишли жавоблар олинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА