Маҳалланинг истеъдодли ёшлари танлови
Фарғонада “Маҳалла менинг тақдиримда” кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолиблари аниқланди. Унда танловнинг саралаш босқичларида ғолиб бўлган шаҳар ва туманлардан келган истеъдодли ва билимдон ёшлар баҳслашди.
Фарғонада “Маҳалла менинг тақдиримда” кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолиблари аниқланди. Унда танловнинг саралаш босқичларида ғолиб бўлган шаҳар ва туманлардан келган истеъдодли ва билимдон ёшлар баҳслашди.
Танлов иштирокчилари 4 шарт асосида зукколик, топқирлик, ҳозиржавоблик борасида ўз билим ва иқтидорларини намойиш этди. Қатнашчилар дастлаб ўз маҳалласи ҳаёти, ёшларни жисмонан соғлом, маънан баркамол этиб тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишларни слайдлар ёрдамида кўрсатиб берди. Иккинчи шартда эса маҳалла фаолияти, ёшлар таълим-тарбиясида ”Оила – маҳалла – таълим муассасаси” ҳамкорлик механизмини кучайтириш, соҳага оид меъёрий – ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда маънавиятга оид билимлари синовдан ўтказилди. Шунингдек, иштирокчиларнинг ижодкорлиги, дунёқарашининг кенглиги иншолар танлови асосида баҳоланди. Унда ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини ривожлантириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, ёшларни гиёҳвандлик, ичкиликбозлик, ”оммавий маданият” таъсиридан асраш, миллий ва умуминсоний қадриятлар синовдан ўтказилди.

“Маҳалла ифтихори” мавзусидаги шартда ўзлари яшаётган маҳалла ҳудудида истиқомат қилаётган, Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшган, ўз ҳаётий амаллари билан ёшларга ўрнак бўлиб келаётган ватандошларимиз ҳаёти ва фаолияти ўзига хос тарзда кўрсатиб ўтилди.
Танлов нафақат билим ва маҳорат синови, балки ўқувчи-ёшларнинг дўстлик байрами, эркин фикр ҳамда мулоқот майдони сифатида ҳам кўпчилик ёдида қолди.

Тошлоқ тумани Заркент маҳалласининг “Ниҳол” жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди.
Танлов ғолиб ва совриндорлари Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши ва ҳамкор ташкилотларнинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.