Маҳалла – жамият таянчи
Андижонда “Қадриятлар бешигисан – азиз маҳаллам” шиори остида “Маҳалла – менинг тақдиримда” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди
Андижонда “Қадриятлар бешигисан – азиз маҳаллам” шиори остида “Маҳалла – менинг тақдиримда” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Андижон вилояти аҳолисининг салмоқли қисмини 18 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Вилоятдаги мавжуд 888 маҳаллада ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, маънавиятини юксалтириш, жамиятдаги жараёнларда фаол иштирокини таъминлаш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
“Маҳалла – менинг тақдиримда” танловнинг маҳалла, туман ва шаҳар босқичларида 3,5 минг нафардан зиёд ёшлар иштирок этди. Вилоят босқичида 16 жамоа таркибида ёшлар “Маҳалла фаолияти тақдимоти”, “Савол-жавоб”, “Иншо ёзиш”, “Юксак маънавиятли замондош қиёфасини акс эттириш” сингари тўртта шарт асосида ўзларининг билим ва маҳоратини намойиш этди.
Якуний натижаларга кўра, Пахтаобод туманидаги “Обод“ маҳалла фуқаролар йиғинининг “Истиқлол машъали” жамоаси ғолиб бўлди. Иккинчи ўринни Хўжаобод туманидаги “Жомеъ“ маҳалла фуқаролар йиғинининг “Ифтихор”, учинчи ўринни Қўрғонтепа туманидаги Мустақиллик маҳалла фуқаролар йиғининг “Баркамол авлод” жамоаси эгаллади.
– Танловга ҳар жиҳатдан жиддий тайёргарлик кўрдик, – дейди “Истиқлол машъали” жамоаси сардори Файзулло Рўзибоев. – Шу боис ҳам, жамоамиз ғолиб бўлди. Бу бизнинг зиммамизга катта масъулият юклайди, маҳалламизга, юртимизга муносиб фарзанд бўлишга ундайди.
Ғолиб ва совриндорлар танлов ташкилотчилари томонидан муносиб рағбатлантирилди. Танлов иштирокчилари учун Андижон ҳайвонот боғига саёҳат уюштирилди.