Ливияда янги нефть ва газ захиралари топилди
Ливия миллий нефть корпорацияси мамлакат жануби-ғарбидаги "Гадамес" ҳавзасида янги нефть ва газ кони топилгани ҳақида маълум қилди, дея хабар бермоқда “Синьхуа” ахборот агентлиги.
Таъкидланишича, қудуқ 8440 фут чуқурликда бурғуланган. Дастлабки маълумотларга кўра, ерости қатламларидан кунига тахминан 327 баррел конденсат қазиб олинади.
“Гадамес” ҳавзаси Ливия, Жазоир ва Тунис билан чегарадош ҳудудда, Триполидан тахминан 600–620 км узоқликда жойлашган. У муҳим углеводород захиралари туфайли Шимолий Aфрикадаги энг йирик нефть ва газ қазиб олувчи минтақалардан бири ҳисобланади.
Нефть ва газ экспорти Ливиянинг асосий даромад манбаи ҳисобланади, бироқ сўнгги йилларда ишлаб чиқариш можаро ва сиёсий беқарорлик туфайли қайта-қайта тўхтаб қолган.
Г.Сатторова, ЎзА