Лидер аёлларнинг ташаббус ва ғоялари ўрганилди
Қорақалпоғистонда “Инноватор, лидер аёллар билан давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш сари” мавзусида семинар ўтказилди.
Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташаббуси ва ҳамкор ташкилотлар кўмагида ташкил этилган семинарда агентлик масъуллари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раҳбарияти, ҳудуддаги 44 та ташкилот ва идораларда фаолият юритаётган хотин-қизлар, ОАВ ходимлари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Семинар давлат органлари ва ташкилотларидаги хотин-қизларнинг соҳадаги фаолиятини қўллаб-қувватлаш, лидерлик салоҳиятини ривожлантириш, давлат фуқаролик хизматидаги ислоҳотлар билан таништириш, мавжуд муаммоларни яқиндан ўрганишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Тадбирда мамлакатимизда давлат бошқарувида хотин-қизлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш, уларни қўллаб-қувватлашда муҳим қадамлар қўйилгани таъкидланди. Соҳанинг норматив-ҳуқуқий базаси такомиллаштирилгани маълум қилинди. Президентимизнинг узоқни кўзлаган одилона сиёсати натижасида давлат ва жамият бошқарувида аёллар улуши ортаётгани, бу халқаро кўрсаткичларда ҳам ўз аксини топаётгани билдирилди.
Семинарда тажрибали ва салоҳиятли масъул раҳбарлар, соҳа мутахассислари раҳбар аёлларда лидерлик, халқпарварлик, креативлик кўникмаларини шакллантириш, давлат хизматида инновацион технологияларни қўллаш, давлат хизматчиларининг саломатлиги — давлат хизмати самарадорлиги кафолати, давлат хизматида оила ва карьера мувозанатини таъминлаш стратегиялари мавзуларида маърузалар тингланди.
“Давлат хизматидаги хотин-қизларнинг шахсий самарадорлигини ошириш имкониятлари”, “Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва агрессиянинг психологик асослари”, “Инсон ресурсларини бошқаришнинг замонавий усуллари”, “Хотин-қизларнинг давлат хизматига мослашуви ижтимоий хусусиятлари”, “Давлат хизматидаги хотин-қизларнинг жамоатчилик билан ҳамкорлиги: замонавий технологиялар ва трендлар”, “Давлат фуқаролик хизматидаги хотин-қизларни қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий асослари” мавзуларида тренинглар ташкил этилди. Иштирокчиларнинг соҳага оид таклиф ва ташаббуслари, мавжуд муаммолари ижтимоий сўровнома орқали ўрганилди.
[gallery-22096]
Бир сўз билан айтганда, ушбу семинар Қорақалпоғистонда фаолият юритаётган давлат хизматидаги хотин-қизларнинг ташаббус ва ғояларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг янги билим ва кўникмалар олиши, ўзаро тажриба алмашиши, соҳадаги фаолиятини янада ривожлантириши учун ўзига хос корпус вазифасини бажарди.
ЎзА