Лицензиясиз спирт савдосига ким жавоб беради?
Жиззах вилоятида аниқланган навбатдаги қонунбузарлик ҳолати тадбиркорлик соҳасида назорат ва масъулият масаласи ҳали-ҳануз долзарблигича қолаётганини кўрсатди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Зафаробод тумани бўлими томонидан ўтказилган текширувлар фақат тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан чекланиб қолмай, қонун талабларига очиқчасига риоя этмаётган субъектларни ҳам фош этди.
Ўрганишлар давомида маълум бўлишича, “Х. У.” МЧЖ раҳбари Қ. Қ. тегишли лицензияга эга бўлмасдан туриб, этил спирти савдоси билан шуғулланган. У қонун талабларини четлаб ўтиш мақсадида “К.Т.” АЖга тегишли тасдиқномадан ноқонуний фойдаланиб, спирт маҳсулотлари айланмасини йўлга қўйган.
Натижада жами 254 миллион 600 минг сўмлик этил спирти ноқонуний равишда реализация қилингани аниқланди. Бу каби ҳолатлар иқтисодий тартибга путур етказиши билан бирга, аҳоли саломатлиги ва бозордаги ҳалол рақобат муҳитига ҳам жиддий хавф туғдиради.
Аслида, Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 14 июлдаги “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонунида бундай фаолият қатъий тартибга солинган бўлиб, этил спирти ва алкогол маҳсулотлари муомаласи фақат лицензия асосида амалга оширилиши шартлиги аниқ белгилаб қўйилган.
Шунга қарамай, айрим тадбиркорлар қонунни айланиб ўтишга уриниб келаётгани тизимдаги назорат янада кучайтирилиши керакка ўхшайди. Энг муҳими, бундай қонунбузарлик узоқ вақт давом этган бўлса, унинг олди олинмагани ортида кимларнинг бефарқлиги ётгани очиқ қолмоқда.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-1-моддаси асосида жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ушбу модда этил спирти, алкогол ва тамаки маҳсулотларини ноқонуний ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш учун жавобгарликни назарда тутади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА