«Leta» ахборот агентлиги раҳбари билан учрашув
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори Абдусаид Кўчимов 23 октябрь куни Ўзбекистон Президенти сайловига халқаро кузатувчи сифатида ташриф буюрган Латвиянинг “Leta” ахборот агентлиги Бош директори Юрис Мендзинш билан учрашув ўтказди.
Юрис Мендзинш ўз фаолияти давомида “Балтика” янгиликлар хизмати, “Delfi” ахборот хизмати, Латвиянинг кундалик газетаси “Diеnas Mediji” ҳамда “Ascendum Media” радиоканалида журналист, муҳаррир ва директор лавозимларида ишлаган. 2015 йилдан «Leta» ахборот агентлигини бошқариб келади. Агентлик бошқарув аъзоси.
А.Кўчимов хорижлик ҳамкасбини ташрифи билан қутлаб, Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, сўз ва матбуот, фуқароларнинг ахборот олишга оид ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Оммавий ахборот воситалари мамлакатимизда юз бераётган янгиликларни жаҳон ҳамжамиятига тарғиб қилишда, жамият ҳаётига дахлдор масалаларни оммага, айни пайтда фуқароларнинг мурожаатларини бошқарув органларига етказишда кўприк вазифасини ўтаётгани таъкидланди.
Меҳмон ЎзА фаолиятининг асосий йўналишлари, жумладан, аҳолини холис ва тезкор ахборот билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида қисқача таништирилди.
Юрис Мендзинш «Leta» ахборот агентлигининг ёши ЎзА билан қарийб баравар экани, агентлик хусусий муассаса сифатида бугунги кунда 10 дан ортиқ хорижий ҳамкорлар билан алоқалар ўрнатганини таъкидлади.
Учрашув доирасида, шунингдек, агентликлар ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.
Гулруҳ Абдуллаева,
ЎзА