Лангар Хатирчининг “ташриф қоғози”га айланади (+видео)
Юртимизда табиати гўзал, хушманзара жойлар кўп. Тоғлар ҳайбатига қоришиқ бетакрор табиати, ўзгача таровати, бир марта келган кишида бир умрлик ўчмас таассурот қолдирадиган жойлардан бири Лангар қўрғонидир.
Лангар қўрғони Навоий вилояти Хатирчи тумани марказидан 50 километр узоқликда жойлашган бўлиб, пурвиқор тоғлар орасида жойлашган. Бу ернинг ҳавоси салқин, сойларидаги осмоўпар тераклар, қулочга сиғмайдиган толлар киши ҳайратини янада оширади. Жарликлар ёнида қурилган уйлар қўрғонга янада гўзаллик бағишлайди. Хуллас, кўрган кишининг ҳаваси келади.
Лангар ХХ аср ўрталарида геолог олим Ҳабиб Абдуллаевнинг “Лангар” вольфрам-молибден конини тадқиқ қилиши натижасида аҳоли пунктига айланган. Кексаларнинг таъкидлашича, кон ва заводлар ишлаган йилларда Лангар обод гўша бўлган. 2-3, ҳаттоки 5 қаватли уйлар қурилган.
– Асли отам Нурота туманининг Кўкбулоқ қишлоғида туғилган бўлиб, иш юзасидан Лангарга кўчиб келишган, – дейди Маматқул бобо Қодиров. – Шу ерда СЭС врачи бўлиб 35 йил ишладим. Ҳозир нафақадаман. 5 фарзандни тарбиялаб вояга етказдик. Ҳаммаси уйли-жойли. Турли соҳаларда фаолият олиб бормоқда. 16 та невара, 1 та чеварам бор. Бир вақтлар бу ҳудуд жуда машҳур эди. Ишламоқчи бўлган киши борки, Лангардаги кон ва заводга ишга келарди. Инфратузилма яхши эди. Турли миллат вакиллари бир оила вакиллари сингари иноқ яшаган. Кейинчалик саноат корхонасининг фаолияти тўхтатилиши боис, кўпчилик ёшлар бошқа ҳудудларга ишлагани кетишди.
Ўтган асрнинг 80-йилларидан бошлаб эътибордан четда қола бошлаган Лангар қўрғони 2019 йилда “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида яна обод гўшалардан бирига айланди. Дастур доирасида 3 минг нафардан зиёдроқ аҳоли истиқомат қиладиган ҳудудда ижтимоий соҳа объектлари қайта таъмирланди, кўчалар тартибга келтирилди. Янги йўллар, замонавий объектлар қурилди.
[gallery-15426]
– Узоқ йиллар давомида ҳудуд аҳолиси ичимлик сувини Лангар шаршарасидан ташиб ичишарди, – дейди маҳалла раиси Анора Мадатова. – Дастур доирасида мазкур сув манбасидан аҳоли хонадонларига қадар қувур орқали сув келтирилди. Сув 4 босқичда ҳовузларга йиғилган ҳолда 450 метр баландликка олиб чиқилади ва шундан кейингина аҳолига тарқатилади. Шунингдек, дастур доирасида маҳалламизда мактабгача таълим муассасаси янгидан қурилган бўлса, 58-мактабда мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилди, 37-мактабга қўшимча 180 ўринли янги ўқув биноси қурилди. Қишлоқ врачлик пункти қайта реконструкция қилинди. Хуллас, маҳалламизда аҳоли фаровонлиги учун барча ишлар амалга оширилмоқда.
Ҳудуд аҳолиси асосан чорвачилик билан шуғулланади. Аёллар эса тикувчилик ва ҳунармандчилик юмушлари билан банд. Хосият Мирзаева гарчи нафақага чиққунича боғчада, туман ижтимоий таъминот бўлимининг маҳалладаги ходими бўлиб ишлаган бўлсада, момомерос ҳунар - каштачилик ва қуроқчиликни ўзига касб қилган.
– Ўзим асли туманнинг Майдонсой қишлоғиданман. Бу ерга келин бўлиб тушганман, – дейди онахон. – Онамдан ўрганган ҳунарни қизларимга, кичик келинимга ўргатганман. Бир қизим Навоий шаҳрида тикувчи бўлиб ишлайди. Қуроққа керакли материалларни, тикилган кийимлардан қолган мато қолдиқларини бериб юборади. Ҳозир келиним қуроқлардан ёстиқ жилдлари, кўрпача, чимилдиқ тикади. Бу ҳунарнинг қулайлиги шундаки, уй ишларини бажарган ҳолда бўш вақтда бемалол тикиш ишларини бажариш мумкин. Кичик ўғлим билан тураман. Бу ердаги неварамга ҳам ўргатганман. Унинг ҳам қўллари келишиб қолган. Бемалол ўзи мустақил равишда тика олади.
645 та оила истиқомат қилаётган қўрғонда аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Мирзоҳид Қодиров оилаларнинг яшаш шароитини ўрганиб, ишсиз аҳолининг бандлигини таъминлашга ҳаракат қилмоқда.
– Чорвачилик ва туризм маҳалламизни ривожлантириш драйвери сифатида белгиланган, – дейди Мирзоҳид Қодиров. – Ўтган давр мобайнида 32 нафар фуқаромизга тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида кредитлар расмийлаштирилди. Чорвачиликни ривожлантиришга эътибор қаратмоқдамиз. Қўрғонимизда тикувчилик цехи мавжуд. Бу ерга ҳам 50 нафар хотин-қиз ишга жойлаштирилган. Шунингдек, қўрғонимизнинг гўзал табиати боис баҳор ва ёз ойларида дам олишга келувчиларнинг кўплигини ҳисобга олган ҳолда туризмни, хусусан, ички туризмни ривожлантиришга ҳаракат қиляпмиз. Ўтган йилда дам олишга келувчилар учун қулайлик яратиш мақсадида 14 та дам олиш маскани фаолияти йўлга қўйилиб, оилавий уй меҳмонхоналари ташкил этилди. “Аёллар дафтари”да турувчи хотин-қизларимизга тикув машинкалари олиб берилиб, бандлиги таъминланмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/vRFOeer9zbE" title="Langar Xatirchining “tashrif qogʻozi”ga aylanadi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Қумриниса Рўзиева ёш оилалардан бири. Тикувчиликка қизиқади. Аёллар кўйлаги, турли ҳажмдаги сумкалар тикади. Кредит олган ҳолда уйида тикувчилик фаолиятини бошлаган.
– Икки йил олдин банкдан кредит олиб, тикиш машинкаси ва чок тикувчи ускуна сотиб олган эдим, - дейди Қумриниса. – Буюртмалар кўп. Уй ишларидан ортиб, қўрғонимиз аёллари буюртмасига асосан турли кўйлаклар тикаман. Бир кунда битта кўйлак тикиб тугатаман. Келгусида тикувчилик йўналишида шогирдлар тайёрлаб, цех очиш ниятим бор.
Бошқа жойларда бўлгани сингари Лангар қўрғонида ҳам ҳаёт қайнайди. Ҳар ким ўз юмуши билан банд.
Биз бир кун мобайнида ҳоким ёрдамчиси Мирзоҳид Қодиров ҳамроҳлигида айрим юртдошларимиз фаолияти билан танишдик. Бу ерда ўз меҳнати билан юрт тинчлиги, Ватан тараққиёти ва халқ фаровонлиги учун ҳисса қўшиб келаётган юртдошларимиз кўпчиликни ташкил этади.
Мабодо саёҳатга қизиқсангиз, албатта, Лангарга бир бора ташриф буюринг. Шунда бу ерда амалга оширилаётган ўзгаришларга ўзингиз гувоҳ бўласиз.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат,видео), ЎзА мухбирлари