Кутубхона фонди янада бойиди
Сурхондарё вилояти ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамкорлигида Музработ туманида “Марказий кутубхонага китоб совға қиламан” ва “Бирга китоб ўқийлик” мавзуларида оммавий китобхонлик акцияси ўтказилди.
Мамлакатимизда кейинги йилларда китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишга қаратилаётган эътибор дунёда глобаллашув жараёнлари кечаётган бир пайтда мустақил фикр ва соғлом тафаккурга эга авлодни тарбиялаб камолга етказишда муҳим ўрин тутмоқда. Ёшларнинг китоб билан дўст тутиниб, маънавиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Акцияда туман ҳокими вазифасини бажарувчи А.Исмаилов, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи З.Тўраев ва бошқалар ана шу ҳақида атрофлича сўз юритди. Китобхонликни кенг тарғиб этиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар хусусида фикр алмашилди. Музработликларнинг бу борадаги эзгу ташаббуслари эътироф этилди.
Маълумотларга кўра, Сурхондарё вилоятида Ўзбекистон Миллий кутубхонаси таркибига кирувчи Адиб Собир Термизий номидаги вилоят, 13 та туман ахборот-кутубхона маркази аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Уларда 700 мингдан ортиқ ахборот ресурслари мавжуд.
Вилоятда китоб мутолааси ва китобхонлик даражасини ошириш, ахборот-ресурс марказларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, китоблар фондини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур тадбир ҳам ана шундай хайрли мақсадга йўналтирилгани билан аҳамиятли бўлди.

Айни пайтда Музработ тумани ахборот-кутубхона маркази 12 мингдан ортиқ нашр фондига эга бўлиб, бир вақтнинг ўзида 40 нафар фойдаланувчига хизмат кўрсатиш қувватига эга.

– Кейинги йилларда китоб мутолаасига бўлган қизиқиш янада ортди, – дейди туман ахборот-кутубхона маркази раҳбари Б.Хурсанов. – Зеро, китобхонлик инсон маънавиятининг кўзгусидир. Туманимиз аҳолисининг барча қатламини кенг қамраб олган ҳолда сифатли ахборот-кутубхона хизматини кўрсатиш 19 нафар ходимдан иборат жамоамизнинг асосий вазифасидир. Китоб фондининг бойитиб борилиши кутубхонадан фойдаланувчиларга қатор қулайликлар яратиш баробарида уларнинг сафини кенгайтиради. Бугун бизга совға қилинаётган китоблар сифатли ва керакли адабиётлар, китобхонлар томонидан энг кўп сўраладиган нашрлар эканидан қувончимиз чексиз.

Акция доирасида туман ҳокимлиги, туманда фаолият юритаётган ташкилотлар, китобсевар фуқаролар кутубхонага икки мингдан ортиқ энг сара китобларни совға қилди. Тадбир доирасида янги чоп этилган китоблар кўргазмаси ташкил этилди. Китоб савдоси орқали бадиий, илмий адабиётларни арзон нархларда харид қилиш имконияти яратилди. Китобхон ўқувчиларнинг ранг-баранг бадиий чиқишлари акция иштирокчиларига бир олам қувонч бағишлади.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА