Курсантлар қасамёд қабул қилди
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида биринчи босқич курсантларининг Ватанга қасамёд қабул қилиш тантанали тадбири ўтказилди.
Тадбирни фавқулодда вазиятлар вазири, генерал-майор Азизбек Икромов очиб, биринчи босқичга қабул қилинган курсантларни Ватанга қасамёд қабул қилганликлари муносабати билан табриклади. Мазкур тантанали тадбир Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги байрамига улангани курсантлар учун фахр ва ифтихор туйғуларини уйғотиш билан бир қаторда, улкан масъулият ва танлаган касбига умрбод содиқликни ҳам талаб этишини алоҳида таъкидлади.
[gallery-31189]
Шунингдек, соҳада олиб борилган янгиланиш ва ислоҳотлар натижасида вазирлик замонавий техника, қутқарув асбоб-ускуналари билан таъминлангани, халқчил ва очиқ, чинакам маънода халқимиз учун яқин, муҳим ва ишончли тузилмага айлангани эътироф этилди.
Шундан сўнг тадбирда сўзга чиққанлар томонидан янги Ўзбекистонда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан барча соҳалар қаторида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида ҳам тизимли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, қутқарув тизимини замонавий технологиялар билан жиҳозлаш ва энг муҳими, ватанпарвар кадрларни тайёрлашга катта эътибор қаратилгани алоҳида таъкидланди.
Г.Бобоева,
ЎзА