Курсантлар ўртасида "Энг яхши ёш китобхон" кўрик-танлови ўтказилди
Пойтахтимизда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси томонидан курсантлар ўртасида китобхонлик маданиятини тарғиб қилиш мақсадида "Энг яхши ёш китобхон" кўрик-танлови бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда ёшларнинг бадиий адабиётга бўлган қизиқишини ошириш, ёшларнинг маънавий-интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш ҳамда мутолаа орқали уларнинг мустақил ва мантиқий фикрлаш кўникмаларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Танлов давомида иштирокчиларнинг ўқиган бадиий асарлари мазмун-моҳиятини чуқур ўзлаштиргани, адабий-бадиий тафаккури, дунёқараши, тезкор фикрлаши ҳамда саволларга аниқ, асосли ва мазмунли жавоб бера олиш қобилиятлари ҳакамлар ҳайъати томонидан адолатли ва шаффоф тарзда баҳоланди.
Қизғин ва муросасиз кечган беллашув якунларига кўра, 1-ўринни 4-батальон курсанти Жон-Муҳаммад Аҳадов эгаллади. 2-ўрин 4-батальон курсанти Фазлиддин Адиловга, 3-ўрин 4-батальон курсанти Шохжаҳон Нуруллаевга насиб қилди.

Танлов якунида ғолиб ва совриндорлар муносиб тақдирланди ва ушбу танлов иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА