Курсантлар дала ўқув машғулотларида тажриба орттирмоқда
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси курсантлари учун Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида жойлашган дала ўқув йиғини майдонида ўқув-амалий машғулотлар давом этмоқда.
Йиғин жараёнида курсантларнинг назарий билимларини амалий кўникмалар билан мустаҳкамлаш, жисмоний ва руҳий тайёргарлигини ошириш билан бир қаторда, бўш вақтини мазмунли ва самарали ташкил этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, 1-батальон курсантлари билан батальон командири, психологлар, взвод ва гуруҳ командирлари иштирокида турли психологик ўйинлар ҳамда жамоавий машғулотлар ташкил этилди. Мазкур машғулотлар орқали курсантларнинг ўзаро ҳамжиҳатлиги, жамоада ишлаш кўникмалари, тезкор фикрлаши ва психологик барқарорлигини мустаҳкамлашга эътибор қаратилди.

Шунингдек, курсантлар ўртасида шахмат ва шашка, турникда тортилиш, футбол ҳамда эстафета югуриши каби спорт мусобақалари ўтказилди.
Шу билан бирга, курсантларнинг жанговар ва жисмоний тайёргарлигини такомиллаштиришга қаратилган машғулотлар ҳам амалий тарзда олиб борилмоқда. Китобхонликка қизиқиши юқори бўлган курсантлар учун эса бўш вақтни китоб мутолааси билан мазмунли ўтказиш имкониятлари яратилди.

Таъкидлаш жоизки, дала ўқув йиғини нафақат касбий ва жисмоний тайёргарликни ошириш, балки курсантларда интизом, масъулият, жамоавий ҳамкорлик, руҳий барқарорлик ва ватанпарварлик каби муҳим фазилатларни шакллантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур йўналишдаги ўқув-амалий, спорт-соғломлаштириш ва маънавий-маърифий тадбирлар белгиланган режа асосида давом эттирилмоқда.
Гулноза Бобоева,
ЎзА