Кураш: Жанубий Кореяда “Ўзбекистон элчиси кубоги” мусобақаси ўтказилди
Жанубий Корея пойтахти Сеул шаҳридаги Дуксунг аёллар университети спорт мажмуасида миллий спортимиз кураш бўйича ўтказилган “Ўзбекистон элчиси кубоги” мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланди.
Турнирда 200 нафардан ортиқ спортчи иштирок этиб, курашнинг Кореяда тобора оммалашиб бораётганини намоён қилди. Мусобақа спортчилар, мураббийлар, расмийлар, дипломатик корпус вакиллари ҳамда кураш жамоатчилигини бир майдонга жамлади.

Мусобақаларни Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон, Россия, Покистон, Мўғулистон ва Беларусь давлатларининг элчилари ҳамда дипломатик корпус вакиллари бевосита кузатиб боришди.
Мусобақанинг очилиш маросимида иштирок этган Ўзбекистон Республикасининг Корея Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Абдусаломов мазкур турнирнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб, ҳар икки мамлакат ўртасида маданий алоқалар йилдан йилга ривож топаётганини эътироф этди.
Ўзбек спорти – курашнинг халқаро майдонда ривож топаётгани, турли мусобақалар ўтказилаётгани халқлар ўртасида спорт соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга беқиёс ҳисса қўшаётганини таъкидлади.

Турнир доирасида Дуксунг аёллар университети ва Ўзбекистон Республикасининг Кореядаги элчихонаси ўртасида таълим, илмий тадқиқотлар ва маданий алмашинув соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган меморандум имзоланди.
Эътиборли жиҳати, “Ўзбекистон элчиси кубоги” кураш спортининг Кореядаги ривожланиш суръатларини кўрсатиш билан бирга, спорт дипломатияси, маданий алмашинув ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун муҳим майдон вазифасини ўтади.
Т.Рўзиев,
ЎзА