Корхона фаолияти ўрганилди
Бухоро вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Б.Муратов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ вакиллари амалга оширилаётган инвестицион лойиҳалар билан яқиндан танишди. Жумладан, “Ғиждувон” эркин иқтисодий зонасида жойлашган “Tekhnochem” МЧЖда бўлди.
Кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган мазкур корхона 2025 йил якунига қадар тўлиқ ишга тушириш режалаштирилган. Ҳозирда қурилиш-монтаж ишлари жадаллик билан давом этаётган корхонада 2024 йил 57 миллион долларлик товарлар импорти амалга оширилган. Тўлиқ ишга тушганидан сўнг, корхона 200 нафаргача фуқаро доимий иш билан таъминланади.

МЧЖ вакиллари ва божхона масъуллари ўртасидаги мулоқот жараёнида “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимидан фойдаланиш, ишлаб чиқарилаётган товарларнинг таннархини пасайтириш ва ташқи бозорларга сифатли, рақобатбардош маҳсулотларни етказиб бериш имкониятлари муҳокама қилинди. Шунингдек, корхона вакилига товарларни “Эркин” омбор божхона режимида расмийлаштириш тартиби ҳақида ҳам тўлиқ маълумот берилди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири