Корхона фаолияти депутатлар назоратида
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-Демократик партияси Бухоро вилояти кенгаши томонидан «Евроснар» масъулияти чекланган жамиятининг фаолияти ўрганилди.
Жамият 2003 йил 2 октябрда қўшма корхона сифатида ташкил этилган. 2010 йилда масъулияти чекланган жамиятига айлантирилган. Асосий фаолият тури ўсимлик ёғи ва чорва моллари учун шрот ва шелуха маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
– Корхонада бир кеча-кундузда ўртача 200-250 тонна техник чигит хом ашёси қайта ишланади, – дейди Ўзбекистон Либерал-Демократик партиясидан сайланган депутат, «Евроснар» масъулияти чекланган жамияти директори Ҳалим Сафаров.
– Корхонанинг умумий ер майдони 5 гектарни ташкил этади. Йилига 55,7 минг тонна чигитни қайта ишлаш қувватига эга. Жамиятда бугунги кунда 210 нафар ходим меҳнат қилмоқда. Шундан олий маълумотлилар 36 нафар, ўрта-махсус маълумотлилар 74 нафар, ўрта маълумотлилар 100 нафар. Ходимлар умумий сонининг деярли 40 фоизини ёшлар, 30 фоизини аёллар ташкил этади. Ишлаб чиқариш жараёни бир кеча-кундуз давомида узлуксиз бўлиб, иш 2 сменада ташкил этилган. Ишчи-ходимларга ишлаб чиқариш мавсуми давомида бепул қатиқ бериб борилади. Шунингдек, махсус кийим билан таъминланган. Ҳар йили иш берувчи томонидан чуқурлаштирилган бепул тиббий кўрик ташкил этилади.
[gallery-1839]
Корхонага 2021 йилнинг ўтган даврида туманда истиқомат қилувчи «Ёшлар дафтари»га , «Темир дафтар» га киритилган 11 нафар ходимни ишга қабул қилди. Ишчи ходимларга доимий равишда байрамларда байрам совғаси сифатида озиқ-овқат маҳсулотлари бериб келинмоқда. Ишчи-ходимларнинг ўртача иш ҳақи 1 миллион 400 минг сўмни ташкил этади. Корхона асосий ишлаб чиқариш, чигит хўжалиги, иссиқхона хўжалиги, рафинация, дезодорация, қозонхона, таъмирлаш-механика, экстракция, электр, ёғни қадоқлаш, қўриқлаш, автотранспорт ва марказий лаборатория бўлимлари ҳамда цехларидан иборат.
Корхонада ишлаб чиқариш қувватларини ошириш маҳсулот сифатини янада яхшилаш, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш, модернизация ва реконструкция қилиш борасида чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Мазкур чора-тадбирлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Жорий йилда корхона ходимларининг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида спорт майдончаси қуриш режалаштирилган. Корхонада Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демокартик партиясининг бошланғич ташкилоти ҳам тузилган. Унга 35 нафар ходим аъзо бўлган.
– Депутатлар корхона фаолиятини ўрганиш давомида юзага келаётган муаммолар билан қизиқишди, – дейди вилоят Кенгаши Бизнес тузилмалари, фермерлар ва аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўлими мудири Санжар Бакаев. – Аниқланган муаммолар жойида ҳал қилинди. Шунингдек, баъзи муаммолар юзасидан тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари чиқарилиб, уларнинг ечими партия назоратига олинди.
Ўрганишлар якунида партия ғояларига хайрихоҳ бир қатор ишчи-ходимларга аъзолик гувоҳномалари топширилди.
Зариф Комилов,
Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА