Коррупцион жиноят содир этганлар давлат хизматига қабул қилинмайди
Самарқанд вилояти судида коррупцияга қарши курашиш йўналишида олиб борилаётган ишлар ва қонунчиликдаги ўзгаришлар, “Одил судлов – 2030” стратегиясининг мазмун-моҳиятига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда вилоят суди раҳбарлари ва судьялар тизимдаги сўнгги ўзгариш ва янгиликлар ҳақида оммавий ахборот воситалари вакилларига маълумот бериб, уларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг саккиз ойи давомида Самарқанд вилояти судларида 7566 нафар шахсга нисбатан 6203 та жиноят ишлари кўриб тамомланган бўлиб, бу ишларнинг 463 тасини коррупцияга оид ишлар ташкил этган. Коррупцион жиноятга қўл урганлар сони (717 нафар шахс) ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 160 нафарга кўпайган. Шу пайтгача 674 нафар шахсга нисбатан айблов ҳукми чиқарилган бўлиб, 95 нафарига озодликдан маҳрум қилиш, 94 нафарига озодликни чеклаш, 313 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари, 136 нафарига жарима, 13 нафарига муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган, 38 нафар шахс жазо тайинланмасдан ёки жазодан озод қилинган ҳолда ҳукм қилинган. Таҳлил қилинганда ушбу турдаги жиноятларнинг 137 таси ёшлар, 79 таси аёллар томонидан содир этилгани аниқланган. Жиноятлар натижасида жами 81 миллиард 604 миллион сўмдан ортиқ моддий зарар етказилган ва ҳозиргача 61 миллиард сўм зарар қопланган.

– Коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш ва коррупцияга оид жиноятлар учун жазо муқаррарлигини таъминлаш мақсадида 2026 йил 22 июнда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга, коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида” қонун қабул қилинди, – дейди Самарқанд вилояти суди раиси ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Жаҳонгир Арслонов. – Ушбу ҳужжат билан 3 та кодекс ва 5 та қонунга муҳим ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритилди. Жумладан, Жиноят кодексида “коррупцияга оид жиноятлар” тушунчасига биринчи марта ҳуқуқий таъриф берилиб, унга 18 турдаги жиноят киритилди. Булар қаторига мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, порахўрлик, фирибгарлик ва талон-торожликнинг айрим ҳолатлари, шунингдек, коррупция орқали топилган даромадларни легаллаштириш каби қонунбузарликларни санаш мумкин. Эндиликда коррупцияга оид жиноят содир этган шахсларнинг электрон реестри жорий этилди. Бу реестрга киритилган шахсларга нисбатан қатъий чекловлар белгиланди. Хусусан, улар давлат хизматига қабул қилинмайди, сайланадиган лавозимларга номзод бўла олмайди, давлат харидларида иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. Давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши ички назорат (комплаенс) тузилмалари тузилиши шарт қилиб қўйилди. Қонун билан коррупциявий жиноятлар содир этганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилиб, жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш тартиби ҳам қайта кўриб чиқилди ва тизимли равишда мураккаблаштирилди. Мансабдор шахсларга нисбатан жарималар миқдори БҲМнинг 30 бараваригача оширилиши белгиланди.

Матбуот анжуманида вилоят судининг фуқаролик, иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатлари судьялари, вилоят маъмурий суди судьяси томонидан давлатимиз раҳбарининг шу йил 14 августда қабул қилинган “Одил судлов – 2030”: Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар, мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларнинг навбатдаги босқичи ҳақида сўз юритди.

– “Одил судлов – 2030” стратегияси 57 вазифа, 2026−2028 йилларга мўлжалланган 160 чора-тадбир ва 2030 йилгача эришилиши лозим бўлган 33 мақсадни қамраб олади, – деди Самарқанд вилояти суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Ғолиб Воҳидов. – “Халқчил суд”, “Адолат қўрғони”, “Кафолатланган адолат”, “Адолат посбонлари”, “Рақамли одил судлов”, “Халқаро эътироф” тамойиллари стратегиянинг олтита асосий устуни ҳисобланади. Мазкур тамойилларнинг ҳар бири бўйича тизимли ислоҳотлар амалга оширилади. Суд қарорларини қайта кўриб чиқишнинг холислиги ва самарадорлигини янада ошириш мақсадида 2027 йил 1 июлдан бошлаб умумюрисдикция ва маъмурий суд йўналишларида ишларни қайта кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган, юрисдикция ҳудудида бир нечта маъмурий-ҳудудий бирликларни қамраб оладиган 5 та ҳудудлараро суд ташкил этилади. Вилоят судларида апелляция ва кассация инстанциялари сақланиб қолади, тафтиш инстанциясининг ваколатлари эса ҳудудлараро судларга берилади.

Тадбир давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари вилоят суди судьялари иш жараёни билан ҳам танишди.
Ғолиб Ҳасанов, ЎзА мухбири