Корея ярим оролида вазият таранг
Шимолий Корея якшанба куни фронт армияси бўлинмалари Жанубий Кореяга зарба беришга тайёрлигини маълум қилди.
Маълум бўлишича, КХДР Корея Республикасини Пхеньян устидан дрон ёрдамида ташвиқот варақаси сочишда айблаган ва агар шундай ҳаракат такрорланса, куч билан жавоб бериш билан таҳдид қилган.
Жануб эса учувчисиз учоқлар жўнатилганини тасдиқлашдан бош тортди. Шу билан бирга, фуқаролари хавфсизлиги таҳдид остида қолса, Шимолни қаттиқ жазолашидан огоҳлантирди.
Давлат матбуоти кеча тарқатган баёнотга кўра, Шимол Мудофаа вазирлиги ҳарбийлар Жанубий Корея билан чегара яқинидаги артиллерия қўшини ва бошқа армия бўлинмаларига “ўт очишга тўлиқ тайёр туриш” учун дастлабки операция буйруғини берган.

Таъкидланишича, Жанубий Корея дронлари туфайли Корея ярим оролида жиддий ҳарбий таранглик ҳукм сурмоқда ва КХДРнинг кучли ҳужумидан бутун Жанубий Корея ҳудуди “кул уюмига айланиши” мумкин.
Шунингдек, Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг қудратли синглиси Ким Ё Чжон ҳам Жанубий Корея Мудофаа вазирлигининг “Агар Корея Республикаси фуқароларига зарар етказилса, Шимолий Корея режими тугатилиши мумкинлигидан огоҳлантирганига муносабат билдирди. Яъни, бу огоҳликка чорловни “ўз жонига қасд қилиш” дея таърифлади ва жавобан янги учоқлар пайдо бўлиши “албатта даҳшатли фалокатга олиб келиши” билан таҳдид қилди.
Шимолий Корея кўпинча Жанубий Корея ва Қўшма Штатлар билан адоват кучайган пайт шундай ўта қизғин риторика билан чиқади.
Икки давлат ўртасидаги алоқа 2019 йил Шимолий Корея ядровий дастурини тўхтатиш бўйича АҚШ етакчилигидаги дипломатия парчаланиб кетганидан бери таранглигича қолмоқда. Шундан буён КХДР ядровий майдонини кенгайтиришга жиддий уриниб, бир неча бор Жанубий Корея ва АҚШга ядро қуроли билан ҳужум қилиш таҳдидини йўллади.
Май ойидан бери Шимолий Корея жанублик фаолларнинг Пхеньянга қарши ташвиқот варақаси сочгани учун ўч олиш мақсадида Жануб томон минглаб ахлат ортилган шарлар учирди. Қарши томон эса ташвиқот ва К-поп қўшиқларини чегара бўйлаб, баланд овозда қўйиш орқали Шимолнинг шар кампаниясига жавоб берди.
Мусулмон Зиё, ЎзА