Корея Республикаси элчиси Хивада
Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Вон До Ён қадимий ва ҳамиша навқирон Хива шаҳрига ташриф буюрди.
Мартабали меҳмонни Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари Ботир Саидов ҳамда Хива шаҳри ҳокими Темур Давлетов кутиб олди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги алоқаларнинг изчил ривожланиб бораётгани, хусусан, Хива шаҳрида маданий-гуманитар, туризм ва таълим йўналишларидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида қадимий Хива Корея Республикаси билан дўстона муносабатларни ривожлантириш ва янги ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш учун катта салоҳиятга эга шаҳар эканлиги таъкидлади.
Элчи Вон До Ён Хиванинг бой тарихий-маданий мероси, туризм салоҳияти ва шаҳарда амалга оширилаётган янгиланиш жараёнларига юқори баҳо берди. Томонлар мавжуд ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш ва истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича фикр алмашдилар.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон-Корея ҳамжиҳатлигини, хусусан, Хива шаҳри билан боғлиқ алоқаларни янги мазмун билан бойитиш борасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар.
Учрашувдан сўнг меҳмонлар Хива шаҳрида янги барпо этилган Конгресс холл ҳамда Қабуллар уйи, “Боқий шаҳар” мажмуасини кўздан кечирдилар.
Ташриф давомида мазкур мажмуаларнинг имкониятлари, сайёҳлар учун яратилган шароитлар, замонавий инфратузилма ҳамда Хиванинг халқаро туризм салоҳиятини янада ошириш борасида амалга оширилаётган лойиҳалар билан яқиндан танишдилар.
Шунингдек, ташриф доирасида меҳмонлар Хивада фаолиятини бошлаган Лиаонинг педагогика университети ҳамда Конфуций институтида ҳам бўлдилар.
[gallery-31862]
Ташриф давомида меҳмонларга таълим муассасасида яратилган замонавий шароитлар, ўқув аудиториялари, кутубхона, спорт зали, маданият маркази ва талабалар учун мўлжалланган инфратузилма ҳақида маълумот берилди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат),
ЎзА мухбирлари