Кўприк муаммоси ҳамон ҳал этилмаган
Мавзуга қайтиб
Ўтган йили баҳор ойларида сайтимизда “Кўлқамишга кўприк керак масъуллар” сарлавҳали танқидий мақола чоп этилганди. Унда Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод тумани “Фаровон” МФЙга қарашли Кўлқамиш қишлоғилик ўқувчиларнинг қўлбола ёғоч кўприкдан минг ҳадик билан ўқитувчилари кўмагида ўтаётгани, нафақат ўқувчилар, балки дарёнинг нариги томонидан бу томонига ўтувчи фуқаролар ҳам кўприк йўқлиги боис дарё суви кўпайган пайтда катта муаммоларга дуч келаётгани ҳақида сўз юритилганди.
Туман ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари муаммо ўрганилганини, кўприк зарурлиги аниқланганини, молиявий манбалари аниқ бўлгач, лойиҳа- смета қилинишини айтганди.
[gallery-21760]
Аммо орадан бир йил ўтса ҳамки, қишлоқнинг кўприк муаммоси ҳал этилмади. Ҳатто жорий йилги дастурларга таклиф ҳам киритилмаган.
Мавзуга қайтиб, фотомухбир билан Кўлқамиш қишлоғига такрор боришга қарор қилдик. Олдинги сафар қишлоққа олиб борувчи йўлнинг ёғингарчилик пайтида аянчли ҳолга келиб қолгани туфайли машинамизни қўшни қишлоқда қолдириб, у ёғига мезбонларнинг машинасида ҳаракатлангандек ва минг машаққатлар билан қишлоққа етиб боргандик. Бу гал йўл муаммосига дуч келмадик. Боиси қишлоқ аҳли йўл бўйича ташаббус киритиб, “опен бюджет”да ғолиб бўлибди. Шунинг эвазига қишлоққача борган йўллар асфальтланибди.
Кўлқамиш қишлоғи туманнинг олис ҳудудларидан бири саналади. Атрофи тоғу тош. Аҳолининг асосий даромади чорвачиликдан. У ердаги хонадонлар тоғлар оралаб ўтган “Ўра” дарёсининг икки қирғоғи бўйлаб жойлашган. Кундалик юмушлар, беморчилик, тўй-ҳашам, маърака ёки бошқа ташвишлар билан одамлар ҳар куни дарёнинг у томонидан бу томонига ўтиб қайтишга мажбур. Дарё бўйлаб ҳар икки томонга қараб 5-6 километргача бирорта кўприк йўқ. Айниқса, баҳор фасли келиши билан дарё ўзани кўтарилади. Кунда- кунора сел сувлари оқиб ўтади. Бу эса ундан ўтишни оғирлаштиради. Айниса, мактаб ўқувчилари учун дарёдан ўтиш фалокат билан тенг.
Қишлоқда 49-мактабнинг филиали жойлашган. Унда 45 нафар бошланғич синф ўқувчиси таълим олади. Юқори синфлар эса тепадаги Найман қишлоғида жойлашган асосий мактабга қатнайди. Ўтган сафар йўл ёмонлиги туфайли асосий мактабга бора олмагандик. Бу гал эса янгиланган йўл мушкулимизни осон қилди. Шунинг учун ўрганишларимизни 49-мактабдан бошладик. Ўқувчи ва ўқитувчилар билан суҳбатлашдик.
– Баҳор ва куз пайтида дарёдан катта сел сувлари оқиб ўтади. Ёғоч кўприкларимизни оқизиб кетади, – дейди 10-синф ўқувчиси Латофат Хонназарова. – Кўприкдан ўтиш хавфи ортади. Бир неча бор тушиб ҳам кетганмиз. Шунинг учун ёғингарчилик пайтларида бир ҳафталаб мактабга келолмай қоламиз. Мактабга келсак уйга қайта олмай, дарё суви пасайгунча қариндошларимизникида қолиб кетамиз. Сел пайтида ота-оналаримиз ёки ўқитувчиларимиз кўмаги билан кўприкдан ўтамиз. Дарёда ҳозир сув кам. Лекин ҳадемай яна баҳор келади. Сув кўпаяди. Биз эса яна дарёдан ўтиш хавфи билан юзма-юз қоламиз.
Бахтга қарши мактабда ўқиётган ўқувчиларнинг ярмидан кўпи дарёнинг нариги томонидан қатнаб ўқийди. Мактаб раҳбари билан суҳбатлашарканмиз, у кўприк масаласи ҳамон оғриқли муаммоларидан бири эканини таъкидлайди.
– Мактабимиз олис ҳудудда жойлашган. Асосий ўқувчи контенгентимиз 225 нафарни ташкил этади, – дейди 49-мактаб директори Абдуқаҳҳор Холматов. – 3-4 километргача бўлган қишлоқлардан ўқувчиларимиз қатнайди. 70-80 фоиз ўқувчиларимиз дарёнинг нариги томонидан келади. Шу муносабат билан кўприк муаммоси бўйича тегишли мутасаддиларга бир неча бор мурожаат қилганмиз. Иккита Найман ва Кўлқамиш қишлоқларини боғлаб турувчи замонавий типдаги кўприк қуриб беришни сўраганмиз. Лекин ҳамон бу ишлар амалга ошгани йўқ. Филиалимизда 45 нафар бошланғич синф ўқувчиси ўқийди. Бу ерда 185 нафар ўқувчимиз таълим олади. Олис ҳудудларимиз Говхона, Томқўтон қишлоқларидан ҳам 10 километрлаб масофадан юқори синф ўқувчилари қатнайди. Улар ҳам дарёдан ўтишга мажбур. Имкон доирасида ўқитувчилардан навбатчилик ташкил қилганмиз. Ота-оналар ҳам қарашади. Лекин нима бўлганда ҳам кўприк қуришнинг чораси топилмаса, болалар ва уларнинг ота-оналари хавотирда яшайди.
Кўлқамишга қайтиб, дарё узанига тушамиз. Ёғочдан қилинган ўша эски кўприк ҳамон эски ҳолатида турибди. Сув оқизиб кетмаслиги учун бир томони сим билан қаттиқроқ жойга қоқилган. Сув кўтарилган пайтларда кўприк бузилиб кетади. Сув сатҳи пасайгандан кейин яна жойига ўрнатиб қўйилади. Аслида кўприк муаммоси қишлоқ одамлари учун янгилик эмас. Улар шу ерда аҳоли яшашни бошлагандан бери шу муаммога дуч келишади. Лекин бугун ҳаёт тарзи, қарашлар ўзгарди. Халқ манфаатларини кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар олис-олис қишлоқларга ҳам ободлик олиб кирмоқда. Шунинг учун қишлоқ одамлари важоҳатли дарёга пиёда ўтиш учун бўлсада биттагина кўприк қуриб берилишидан умидвор.
– Қишлоғимизда жуда кўп ўзгаришлар бўлди. Мана кўриб келяпсизлар йўлларимиз “ташаббусли бюджет” маблағлари эвазига асфальтланди, – дейди Абдуқодир бобо Эсонов. – Биттагина кўприк муаммомиз қоляпти. Нариги бетдан болалар мактабга қатнайди, беморчилик ҳолатлари бўлиб қолади. Кўприк йўқлиги сабаб ноқулайликларга дуч келамиз. Илгари йўлни баҳона қилишарди масъуллар. Мана йўлларимиз текис ва равон бўлди. Исталган техника келади. Энг ёмони, қишлоқ қабристони ҳам нариги томонда. Баҳор ойларида бирор киши вафот этиб қолишидан хавотирланамиз. Дарёдан ўтиб- қайтиш қийин.
Хуллас, қил кўприк муаммоси ҳамон долзарб. Туман масъуллари эса ушбу муаммога панжа ортидан қараб келишмоқда.
Муаммони қайта ўрганар эканмиз, туман ҳокимлиги масъуллари бу сафар ортимиздан қишлоққача етиб келишди. Вазиятни ўз кўзлари билан кўриб, ўрганишди. Улардан ҳам изоҳ сўрадик.
– Ўринбосар лавозимида иш бошлаганимга икки ой бўлди. Мана бугун муаммони жойига келиб ўрганиш ўтказдик, – дейди туман ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари Олломурод Бойтўраев. – Ҳақиқатдан ҳам бу ерда аҳолининг ўтиши учун кўприкка эҳтиёж бор. Бу масала бўйича туман ҳокимлигида шакллантирилаётган сметаларимизда маблағ ажратиш чораларини кўрамиз. Кўприк қуриб берамиз. Транспорт қатнови учун кўприк қуриш анчагина маблағ ва вақт талаб этади. Шунинг учун бу ерга енгил конструкцияли, аҳолининг пиёда қатнаши учун қулай бўлган кўприк қуриб берамиз. Шу йилдан кечикмайди, насиб бўлса. Чунки бунақа кўприклар қуриш бўйича туманимизда етарлича тажриба ва кўприқ қурилиши учун керак бўлган маҳсулотлар захираси мавжуд.
Ҳоким ўринбосарининг гапларига ишондик. Умид қиламизки, масъуллар бу сафар ваъдасининг устидан чиқишади ва кейинги гал кўприкнинг очилишига борамиз.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/v3sHaHcT9Bo?si=aKGZXotsA6S9qY7u" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари