Кооперация ва касаначилик асосида иш билан банд қилган тадбиркорлик субъектларига субсидия ажратилади
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 2 сентябрдаги “Норасмий бандлик улушини қисқартириш ҳамда меҳнат ресурслари балансини замонавий ёндашувлар асосида шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, белгиланган фаолият турлари билан шуғулланаётган фуқароларга уларга тегишли бўлган томорқа ер участкасининг майдони ёки улар томонидан парвариш қилинаётган уй ҳайвонлари ва паррандаларнинг сонидан қатъи назар, ихтиёрий тартибда ижтимоий солиқни тўлашга рухсат этилади.
Мазкур ҳужжатга асосан 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб томорқа ер участкалари эгаларини кооперация ва касаначилик асосида иш билан банд қилган тадбиркорлик субъектларига Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан парранда (товуқ, бедана, ўрдак, ғоз, курка), паррандани сақлаш учун катак, озуқа еми ҳамда дори воситалари, узум кўчати ва ток сўриси, асалари оиласи, асалари уяси учун қути ҳамда озуқа еми, қуён, қуён катаги ва озуқа еми, балиқ чавоқлари, сунъий ҳовуз ва озуқа емини харид қилиш ҳамда кейинчалик томорқа ер эгаларига тақдим этиш учун субсидия ажратилади.
Бунда мазкур субсидия бир нафар томорқа ер участкаси эгаси учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваригача миқдорда ҳоким ёрдамчиларининг тавсиясига асосан ажратилади.

Шунингдек, 2023 йил 1 январдан бошлаб, якка тартибдаги тадбиркорларга бетон қуйиш, бўёқчилик, сувоқчилик ишлари, ғишт ва кафель териш, перфорация, дурадгорлик, чилангарлик каби мураккаб бўлмаган умумий қурилиш ва қурилиш-таъмирлаш ишларига ҳамда қурилиш-пудрат ташкилотларига умумий қурилиш ишларини бажариш учун шартнома асосида якка тартибдаги тадбиркорларни жалб қилишга рухсат этилади.
ЎзА