Контракт тўлаш муддати 1 ноябргача узайтирилди
Таълимдаги ислоҳотлар талабалар ва уларнинг ота-оналарига янги имкониятлар очиб бермоқда. Олийгоҳларда қабул ва контракт тўловлари муддати узайтирилди, шунингдек, қўшимча имтиёзлар ҳам жорий этилди.
Бу ҳам бўлса, таълимда олиб борилаётган ислоҳотлар аввало инсон қадри тамойилига қурилганидан далолат.
Ана шундай ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида, 2026/2027 ўқув йили учун олий таълим ташкилотларида контракт тўловларини амалга ошириш ва талабалар сафига қабулни расмийлаштириш муддати 1 ноябргача узайтирилди.
Қайд этилишича, бу муддат бакалавриат ва магистратурага тавсия этилган абитуриентлар, ўқиши кўчирилган, кўчириб тикланган ҳамда қайта тикланган талабаларга тааллуқли. Шу вақтгача йиллик контракт суммасининг базавий контракт бўйича камида 25 фоизи, табақалаштирилган контракт бўйича эса камида 50 фоизи тўланиши керак.
Шунингдек, 2026/2027 ўқув йилидан давлат олийгоҳларининг кундузги бакалавриатида ўқиётган педагог ходимлар фарзандлари учун контракт суммасининг 30 фоизини қоплаш тартиби жорий этилган бўлиб, имтиёздан фойдаланиш учун kontrakt.edu.uz орқали ариза юбориш лозим.
Шербек Исломов, ЎзА